Россияга Ўзбекистондан олиб борилган гилосдан вирус чиққани айтилмоқда
Жамият
−
27 Май 2023
11915Ижтимоий тармоқларда ўзбек гилосидан вирус топилгани ва Россияга Ўзбекистондан 19 тонна касалланган гилос олиб борилгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги муносабат билдирди.
Агентликнинг маълум қилишича, ахборот манбаларида эълон қилинган ҳолат бўйича Россия карантин хизмати (“Росселхознадзор”) томонидан Ўзбекистон карантин хизматига эътирознома (нотификация)лар келиб тушмаган. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Росселхознадзор” федерал хизмати билан музокаралар олиб борилган.
Россия томони маълум қилишича, Омск вилоятига етиб борган гилос партиясида “шарқ мевахўри” аниқланган. Икки томоннинг келишувига асосан маҳсулотдан намуналар олиниб фитосанитария лаборатория текшируви ўтказилиши, экспертиза хулосасида “шарқ мевахўри”нинг личинкалари тирик ҳолда аниқланган тақдирда фумигация (зарарсизлантириш) ишлари олиб борилганидан сўнг Федерация ҳудудига олиб кирилиши белгиланган.
Экспортга йўналтирилган маҳсулот етиштирилган боғни аниқлаш, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Агентлик томонидан махсус тезкор гуруҳ тузилиб, фитосанитар карантин назоратини ўтказиш белгиланган.
Маълумот учун, “шарқ мевахўри” Ўзбекистон, МДҲнинг бир қатор давлатларида, жумладан, Россиянинг баъзи ҳудудларида ҳам чекланган миқдорда тарқалган. Ушбу карантин организми инсон ҳаётига хавф соладиган вирус эмас, ўсимликлар дунёси учун зарарли ҳашарот ҳисобланади. Зараркунанда ўсимлик зараркунандаси бўлиб, тангачақанотлилар туркумининг барг ўровчилар оиласига мансуб. “Шарқ мевахўри” данак ва уруғ мевали дарахтларни, ёш кўчатларни, хусусан, шафтоли, ўрик, олхўри, нок, олма, олча, гилос, беҳи ва дўлана кабиларни зарарлайди.
LiveБарчаси