Россияга кетаётган мигрантлар тиббий маълумотномани Ўзбекистонда олиши мумкин бўлади
Жамият
−
24 Декабрь 2020
10107Россияда фаолият юритаётган меҳнат мигрантлари эндиликда патент олишда талаб этиладиган бир қатор тиббий таҳлиллар бўйича маълумотномани Ўзбекистонда олишлари мумкин. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, айни вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятидан иборат делегация аъзолари Россияда бўлиб турибди.
Улар Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пандемия вақтида эпидемиологик вазиятга риоя қилган ҳолда Ўзбекистондан фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда Россияга ишга жалб қилиш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Ташриф доирасида Россия соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган учрашувда патент олишда талаб этиладиган ОИТС таҳлили, сифилис, флюорография, қон таҳлили, психотроп моддалар таҳлили каби йўналишлар бўйича тиббий маълумотномани Ўзбекистонда олишни жорий этиш юзасидан ваколатли марказлар очишнинг ташкилий масалалари муҳокама этилган.
Таъкидланишича, айни пайтда ушбу жараёнлар Россия Федерациясида амалга оширилади. Ушбу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас ва табиийки, бу жараён меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади.
Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг “Юринвестхолдинг” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида Россия ҳудудидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Россия Федерациясининг 7 та ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари учун касбий малака ва рус тилини ўқитиш дастурини ривожлантириш ҳамда 2021 йилда ушбу курсларга жалб этиладиган фуқаролар қамровини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
LiveБарчаси