Россияга дўст мамлакатлардаги ахборот майдони ёлғон тарқатиш жойига айланмаслиги керак – Захарова
Олам
−
12 Май 2023
6707Расмий Москва Россияга дўст бўлган мамлакатлардаги ахборот майдонини ёлғон ва провокацион баёнотлар тарқатиш майдонига айлантирмасликка чақирди. Мазкур баёнотни Россия Ташқи ишлар вазирининг расмий вакили Мария Захарова берган. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.
Дипломат Ўзбекистон ва Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича эълон қилган мақоласига муносабат билдирган. Захарова Ермак ўзининг мақоласида Россияни Марказий Осиёнинг етакчи ҳамкори эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилганини даъво қилди.
“Биз матбуот эркинлигини ҳурмат қиламиз. Бироқ биз учун дўст бўлган мамлакатлардаги ахборот майдони атайлаб ёлғон ва провокацион уйдирмаларни тарқатиш учун жой бўлиб қолмаслигини истаймиз”, дейди Захарова.
Унинг таъкидлашича, Москва Марказий Осиё минтақасининг барча давлатлари билан намунали муносабатларни сақлаб келмоқда ва Киев бу алоқаларни обрўсизлантириш ва бузишга ҳаракат қилмоқда.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Россия минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик омили бўлиб, “Марказий Осиё ва Транскавказда ҳам мустақил, ҳам жамоавий форматда” тинчликпарварлик функцияларини фаол бажариб келмоқда. У Марказий Осиё давлатларининг товар айланмасининг 40 фоизигача Россия Федерацияси ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳиссасига тўғри келиши, минтақанинг барқарор ривожланиши учун қатор йўналишларда ҳамкорликнинг давом этиши муҳим эканини эслатиб ўтган.
“Москва миграция соҳасига ҳам эътибор қаратади ва қўшниларига меҳнат ресурсларининг кўплиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради, талаб ва таклифни қўллаб-қувватлайди”, дейди Захарова.
Эслатиб ўтамиз, Андрей Ермак ўзининг мақоласида қишнинг қаҳратон кунлари вақтида ўзбекистонликлар ҳам Украина аҳолиси сингари Россиянинг “газ шантажи” қурбони бўлгани ҳақида ёзган эди. Ермак Украина билан Марказий Осиё давлатларининг тахмин қилинганидан кўра кўпроқ умумийликлари борлигини қайд этган. У ўзининг мақоласида ушбу мамлакатлар Киев империалистик Химера (юнон афсоналаридаги маҳлуқ) билан курашаётган бир пайтда четда турмаслиги кераклигини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь