Россиядан Ўзбекистонга йилига 6 млрд куб метр газ етказиб берилиши мумкин – ОАВ
Жамият
−
17 Июнь 2023
9166Янги шартнома бўйича “Газпром”нинг Ўзбекистонга етказиб берадиган газ ҳажми йилига 6 миллиард куб метр ёки кунига тахминан 18 миллион кубометрни ташкил қилиши мумкин. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар қилди.
Россиядан газ транзити Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали амалга оширилади. Етказиб бериш ҳажмлари ҳар йили янгиланади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, 6 млрд куб метр газ олиш Ўзбекистонга ўз эҳтиёжларини қондириш имконини беради, бироқ бу Хитойга газ экспорти бўйича шартномани тўлиқ бажариш учун етарли бўлмайди.
“Пекин ва Тошкент ҳар йили 10 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган, бироқ бу ҳажмлар ҳеч қачон тўлиқ етказиб берилмаган. Бундан ташқари, қишки танаффуслар, жумладан, Туркманистондан транзитнинг тўхтатилиши туфайли Ўзбекистон Хитойга экспорт мажбуриятларини бажара олмади, етказиб беришни уч ой давомида музлатиб қўйди”, дея қайд этган нашр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Газпром” 2023 йилнинг тўртинчи чорагида Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси рахбари Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтиб, томонлар ўртасида “йўл харитаси” имзоланган эди.
Кейинроқ, 9 февраль куни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон Энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Болат Ақчулаков музокаралар ўтказган. Унда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этиш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг дастлабки техник баҳолари муҳокама қилинган эди.
LiveБарчаси