Россиядаги бозор омборида йирик ёнғин содир бўлди (фото, видео)

Олам

image

Россиянинг Шушари туманида жойлашган Wildberries бозорининг омбори тонгдан буён ёнмоқда. Бу ҳақда RBC хабар берди. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, тонгги соат 8:01 да ёнғин иккинчи даражагача кучайган ва унинг майдони минг кв.м.ни ташкил этган. Аммо 9:02 да ёнғин тўртинчи даражага чиққан. Соат 11:00 лар атрофида омборнинг 50 минг кв.м. майдони, соат 13:00 лар ҳолатига кўра эса 70 минг кв.м ҳудуд олов билан қопланган. Омборнинг умумий майдони эса 100 минг кв.м.дан ортиқ.

Билдирилишича, 10 январь куни омбор ёнида мигрантлар ўртасида муштлашув содир бўлган. ФВВ катта ёнғинга қасддан ўт қўйиш сабаб бўлганини тахмин қилмоқда. Ушбу жанжалда Wildberries компанияси ходими бўлган Озарбайжоннинг 33 ёшли фуқароси пичоқланиб, шифохонага ётқизилган. Шунингдек, Тожикистоннинг 35 ёшли ишсиз фуқароси ҳам жароҳат олган. Унга нисбатан жиноий иш очилган. Шундан сўнг, хавфсизлик кучлари икки кун кетма-кет омборга рейд ўтказган. Полиция ходимлари ва Россия гвардияси ходимлари ишчиларнинг ҳужжатларини текширишни бошлаб юборди.

Ёнғин бошланган вақтда Wildberries омборида мингга яқин одам бўлган. Улар бинодан эвакуация қилинган. Воқеа жойига 25 та техника ва 112 нафар ўт ўчирувчи жалб этилган. Ҳозирча жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқлиги маълум қилинган. Ёнғин ўчирилиб, экспертиза ўтказилгандан сўнг, якуний хулосалар чиқарилиши айтилган. Маҳаллий нашрларнинг қайд этишича, ҳозирда прокуратура ёнғин юзасидан текширувни бошлаган.

Компания аллақачон сотувчиларга ёнғин натижасида вайрон бўлган товарлар учун йўқотишларни қоплашни ва харидорларга пулни қайтаришни ваъда қилди. Ҳозирча ушбу ёнғиндан кўрилган зарар 10-11 миллиард рубль (АҚШ доллари) миқдорида баҳоланмоқда. 

“Ёнғин ҳали ўчирилмагани сабабли етказилган зарарни баҳолаш қийин. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёнғиндан кўрилган моддий зарар 10 миллиард рублдан ошиши мумкин. Биз омборнинг ўзи ва унинг таркибини суғурталаш ҳақида гапирамиз. Суғурталовчилардан қўшимча маълумотлар олишимиз билан бу рақамлар ўзгариши мумкин”, дейди Бутунроссия суғуртачилар иттифоқи вакили.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ёнғин омбор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг