Россиядаги колониядан яна тўрт маҳкум қочиб кетди
Олам
−
28 Октябрь
9926Россиянинг Байкалорти ўлкасида жойлашган Нерчинск шаҳридаги 1-сонли ахлоқ тузатиш марказидан тўрт нафар маҳкум қочиб кетди. Бу ҳақда вилоят Жазони ижро этиш федерал хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида улардан иккитаси Чита ва Амур вилоятида топилган. Читада қўлга олинган маҳкумнинг исми Русин эканлиги қайд этилган.
“Маҳкумни ушлаш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар ишлатилмади. Ҳозирда маҳкум Нерчинск шаҳридаги ахлоқ тузатиш марказининг қоидабузарлар жойлашган жойига олиб кетилди”, дейилган бошқарма хабарида.
Иккинчи маҳкум – Чекришев бўлиб, у Амур вилоятидаги уйида ушланган.
“Келгусида мажбурий меҳнатга ҳукм қилинганлар маълумотларига асосланиб, Жазони ижро этиш бошқармаси ходимлари жазо турини ўзгартириш учун зарур ҳужжатларни судга юборади”, дея қўшимча қилган минтақавий Федерал Жазони ижро этиш хизмати.
Байкалорти ўлкаси Тергов қўмитаси тергов бошқармасига ҳолат бўйича Россия Жиноят кодексининг 293-моддаси (Мансабдор шахснинг ўз вазифаларига нисбатан виждонсиз ёки эҳтиётсиз муносабатда бўлиши, бепарволик) билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеа юзасидан текширув ўтказиш топширилган. Ушбу модда билан айбли деб топилганларга 7 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин.
“Тергов қўмитаси терговчилари зарурий ўрганиш ишларини олиб боради. Нерчинскда жойлашган Ахлоқ тузатиш маркази раҳбарияти ва ходимлари сўроқ қилинади. Терговчилар маҳкумларнинг яшаш шароитларини тартибга солувчи ҳужжатларни ва уларнинг муассасада қандай назорат қилинганини ўрганади”, дейилади идора матбуот хизмати хабарида.
“База" ҳамда ”Shot” Теlegram-каналларининг ёзишича, қочиб кетган маҳкумлар сони беш нафарни ташкил этади. Маълумотларга кўра, улар қочишдан олдин тартиббузарлар хонасида бўлган ва ҳеч қандай қаршиликсиз муассасадан чиқиб кетган. Жазони ижро этиш марказида тунда соқчи бўлмаган, атиги битта навбатчи ишлаган холос.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Липецк вилоятида ўзбекистонлик маҳкумлар колониядан қочиб кетганди. Федерал Жазони ижро этиш хизмати ҳудудий бошқармаси колония ҳудудини айланиб ўтиш чоғида туннель топилгани, шундан сўнг улар маҳкумлар сонини санашгани ва олти киши бедарак йўқолганини маълум қилганди. Маҳкумлар 65 метр узунликдаги туннель қазиб, ёғочларга ишлов берадиган ҳудуд орқали чиққан ва қочиб кетган. Қочган маҳкумлар икки жойдан туннель қазиган. Дастлаб, ташландиқ цехда ички тақиқланган ҳудудга олиб борувчи туннель очилган. Кейин улар яна бир туннелни девор остидан қазиган ва қочишга муваффақ бўлган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари ва “Перехват” операцияси натижасида уларнинг тўрт нафари қўлга олинган.
LiveБарчаси