Россияда яна Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради
Олам
−
14 Март
5438Россиянинг Магадан вилоятида Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда “Interfax” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, икки киши ҳалок бўлган, қолганларнинг тақдири номаълум. Федерал ҳаво транспорти агентлиги авиаҳалокатда бир киши ҳалок бўлгани, икки киши жароҳатланганини билдирган.
Узоқ Шарқ транспорт прокуратурасининг аниқлик киритишича, бортда жами 20 киши, жумладан уч нафар экипаж аъзоси бўлган.
“Ҳалокат содир бўлган жойда қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда. Воқеа жойига қутқарув гуруҳи ва шифокорлар боришди”, дейди Магадан вилояти губернатори Сергей Носов.
Прокуратура маълумотларига кўра, “Дальнереченск Авиа” авиакомпаниясининг Ми-8Т самолёти "Кварцевий– Омсукчан" йўналиши бўйлаб ҳаракатланган. Ҳалокат Эвенск қишлоғидан 75 километр узоқликда содир бўлган.
Дастлабки хулосаларда келтирилишича, ҳодисага двигателнинг носозлиги сабаб бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Тергов қўмитасининг транспорт бошқармаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик (Жиноят кодексининг 263-моддаси 2-қисми) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Узоқ Шарқ транспорт прокуратураси парвозлар хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текширмоқда.
Қайд этиш жоиз, охирги вақтларда Россияда самолёт ва вертолётларнинг ҳалокати тез-тез содир бўлмоқда. Масалан, шу йилнинг 12 март куни Россиянинг Иваново вилоятида бортида 15 киши бўлган Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учраганди. Февраль ойида эса Россия таркибидаги Карелия республикасида Ми-8 вертолёти Онега кўли узра парвоз пайтида қулаб тушганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15