Россияда Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради
Олам
−
05 Февраль
5868Россия таркибидаги Карелия республикасида Ми-8 вертолёти Онега кўли узра парвоз пайтида ҳалокатга учради. Бу ҳақда “Interfax” хабар берди.
Вертолёт билан алоқа кеча, 4 февраль куни ўқув парвози чоғида узилган.
Кейинчалик Ми-8 самолётининг қолдиқлари қирғоқдан 11 километр узоқликдаги кўлда 50 метргача чуқурликда топилган.
Карелия раҳбари Артур Парфенчиков вертолёт ҳалокатга учраган жойдан суратни эълон қилди ва бортда Санкт-Петербург авиация маркази ходимлари – Владимир Эвсеев, Сергей Носов ва Владимир Билида бўлганини билдирди.
Ми-8 ҳалокати юзасидан йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти жорий йилнинг 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учраганди. Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бортда Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, олти экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган.
Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.
Шундан сўнг, Владимир Зеленский самолёт ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилганди.
LiveБарчаси