Россияда WhatsApp тўлиқ блокланиши мумкин
Олам
−
29 Ноябрь 2049 2 дақиқа
WhatsApp Россия қонунчилиги талабларини бажаришни давом эттирмаса, у Россияда бутунлай блокланади. Бу ҳақда Россия алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат бўйича федерал хизмат (Роскомнадзор) хабар берди.
Роскомнадзор WhatsApp мессенжерига нисбатан чеклов чораларини кучайтираётганини билдирган. Бунга сабаб сифатида платформа Россия ҳудудида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган талабларни бажармаётгани кўрсатилган.
Роскомнадзор’нинг маълум қилишича, мессенжер Россия қонунларини бузишда давом этмоқда. Федерал хизмат версиясига кўра, WhatsApp Россияда содир этилган террорчилик ҳужумларини ташкил қилиш ва уларнинг ижрочиларини ёллаш, шунингдек, “фуқароларга қарши фирибгарлик ва бошқа жиноятлар” учун қўлланилмоқда.
“Чекловлар босқичма-босқич жорий этилмоқда, бу фойдаланувчиларга бошқа мессенжерларга ўтишга имкон беради. Агар мессенжер Россия қонунчилиги талабларини бажармаса, у тўлиқ блокланади”, дейилади хабарда.
WhatsApp’даги қўнғироқлар сифати аста-секин ёмонлашиши август ойида бошланган эди. Октябрда Роскомнадзор мессенжер ишини қисман чеклаганини ва буни жиноятчиларга қарши кураш зарурати билан изоҳлаган эди. Кеча, 28 ноябрь куни ҳам WhatsApp ишлашида узилишлар пайдо бўлган. Энг кўп шикоятлар Москва шаҳридан келган. Хабар юборишнинг секинлашуви, айниқса фото, видео ва аудио жўнатишда муаммолар қайд этилган.
WhatsApp Россиядаги энг машҳур мессенжерлардан бири. Google Play’да у “Алоқа” тоифасидаги иловалар орасида бешинчи ўринда туради. Mediascope’нинг 2025 йил октябрь маълумотларига кўра, Россияда WhatsApp аудиторияси 96,2 миллион кишини, Telegram эса 91 миллионни ташкил қилади.
WhatsApp’нинг Россияда блокланиши эҳтимоли 2024 йилдан бери муҳокама қилиниб келинмоқда.
Давлат Думасининг ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва алоқа бўйича қўмитаси раҳбари Сергей Боярский ўтган йилнинг декабрь ойида WhatsApp’нинг блокланиши ҳақидаги гап-сўзларни “миш-миш” деб атаб, мессенжер келажаги борасида эҳтиёткор бўлиб фикр билдиришга чақирган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда WhatsApp ва Telegram янги фойдаланувчилар учун рўйхатдан ўтишни чеклаш бошланганди. Россия мобил операторларига WhatsApp ва Telegramʼнинг янги фойдаланувчилари учун SMS ва қўнғироқларни узатишни тўхтатиш талаби берилган.