Россияда ўзбекистонлик йигит “военкомат”ни ёқиб юборишга уринди
3-саҳифа
−
12 Август 2023
9823Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 24 ёшли ўзбекистонлик йигит ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга уринишда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Қайд этилишича, йигит ҳарбий комиссариат биносини суратга олаётганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларида шубҳа уйғотган ва қўлга олиниб, тинтилганида рюкзакидан бир шиша бензин топилган.
“Большая Монетнаядаги ҳарбий комиссарият бўлимида 1999 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросини кўришган. У бинони суратга олган ва полициячиларни пайқаб, яширинишга уринган”, дейилади хабарда.
Текширув пайтида йигитнинг телефонидан номаълум қиз томонидан унга бинони ёқиш бўйича берилган кўрсатмалар аниқланган.
Телефон ёзишмаларида қиз ўзбекистонликка кўришган пайтларида аввалроқ қандайдир администраторга ўтказиб берган пулларини қайтаришга ваъда берган. Шунингдек, у ёқилиши керак бўлган бинонинг сурати ва Молотов коктейлини тайёрлаш йўриқномасини ҳам жўнатган.
Маълумот учун, сўнгги пайтларда Россиянинг турли ҳудудларида ҳарбий комиссариат биноларини ёқиб юборишга уриниш ҳолатлари кўпайди. Аксар ҳолларда бундай ҳаракат аёллар ва қариялар томонидан содир этилмоқда. Статистикага кўра, Россия Украинага бостириб киргани ва қисман сафарбарлик эълон қилингани натижасида 2022 йил давомида 77 та ҳолатда ҳарбий комиссарликларни ёқиб юборишга ҳаракат қилинган. 2023 йилнинг 26 июлига қадар эса Россияда камида 113 та ҳарбий рўйхатга олиш бўлими, маъмурий бино ва хавфсизлик кучларининг идораларига ҳужум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 июль куни Россия бўйлаб 11 та шаҳарда ҳарбий комиссарлик биноларини ёқиб юборишга уринишлар қайд этилди. Шу куни Москва вилоятининг Подольск шаҳрида икки нафар 80 ёшдан ошган қария Молотов коктейли билан “военкомат”га ҳужум қилишга уринган эди. Шунингдек, аввалроқ Қозон шаҳрида ҳарбий комиссарлик биносини ёқиб юбормоқчи бўлган ўқувчи қиз икки йилга қамалган эди.
LiveБарчаси