Россияда ўзбекистонлик эркак ахлатхонадан 65 минг доллар топиб олди
Жамият
−
26 Май 2023
60946Россиянинг Москва шаҳрида ўзбекистонлик эркак ахлатхонадан 65 минг доллар топиб олиб, уни эгасига қайтариб берди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Воқеа қаҳрамонининг сўзларига кўра, у Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Янгиқўрғон қишлоғида туғилган ва 14 йилдан буён Россияга бориб мавсумий ишлаб қайтади.
Унинг айтишича, воқеа содир бўлган куни бир аёл қўнғироқ қилиб, уни ишга таклиф қилган. Айтилган жойга борганида аёл ошхонадаги кераксиз нарсаларни контейнерга солиб, ташқарига олиб чиқишини тайинлаган. У айтилган ишни бажариб бўлиб, уйига қайтганидан сўнг, ўша куни соат 23:00 лар атрофида аёл яна қўнғироқ қилиб, уйининг ҳужжатлари ҳам ахлатга чиқиб кетганини айтган ва унга ҳужжатни қидириб топиши учун икки баравар хизмат ҳақи таклиф қилган.
Эркак бешта ахлат контейнерининг бирини қидириш жараёнида 5 миллион рубль (65 минг доллар) пул борлигини кўрган.
“Пулни олдик. Қочиб кетсак ҳам бўларди, лекин қочиб қаерга борамиз? Ҳужжатларимиз ишхонамизда, бу пул бизга тегишли ҳам эмас”, дейди эркак.
Унга пулларни эгасига қайтаргани учун ишхонасидан 100 минг рубль мукофот пули берилган. Шунингдек, фуқаролик паспорти ва ҳовли беришни ҳам таклиф қилишган. Бироқ, эркак ҳамма нарсаси етарли эканини айтиб, таклифларни рад этган.
LiveБарчаси