Россияда ўлим жазосини тиклаш таклиф қилинди
Олам
−
29 Июнь
5309Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин мамлакатда ўлим жазосига қўйилган мораторийни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бунинг учун конституцияни ўзгартириш ва референдум ўтказишнинг ҳожати йўқ, фақат Президент Владимир Путиннинг фармони етарли бўлади.
Бастрикиннинг фикрича, Россияда оғир жиноятлар сони ортиб бораётганини ҳисобга олиб, ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш керак. Бу, биринчи навбатда, иқтисодий сабабларга кўра амалга оширилиши лозим. Чунки давлат маҳбусларни қамоқхоналарда сақлаш учун катта маблағ сарфлашга мажбур бўляпти.
Тергов қўмитаси раҳбарининг берган маълумотларига кўра, бир маҳкумни боқиш йилига 30 минг рублни ташкил қилади. У буни хавфсизлик, колонияларнинг катта сонини сақлаш ва маҳбусларни даволаш ҳамда озиқ-овқат билан таъминлашни ўз ичига олишини айтган.
“Биз бу суммани умрбод қамоқда ўтирган ҳар бир киши сонига кўпайтирсак, жуда катта бюджет кетиб қолади”, деган Бастрикин.
Шунингдек, у ўлим жазосини қайтариш ҳақидаги таклифини инсонпарварликка интилиш билан изоҳлаган.
“70, 80, 100 кишини ўлдирган шахс ўлим жазосига ҳукм қилинса, бу жуда инсоний ҳаракат бўлар эди”, деган у 145 киши қурбон бўлган “Крокус Сити Ҳалл”даги терактни эслаб.
Маълумот учун, Россияда ўлим жазоси расмий равишда бекор қилинмаган. Фақат 1999 йилдан бери унга нисбатан муддатсиз мораторий амал қилади. Бу Европа Кенгашига киришнинг асосий шартларидан бири эди. Россия ташкилотни Украинада уруш бошланганидан кейин — 2022 йилнинг март ойида тарк этди.
LiveБарчаси