Россияда ўлим жазоси тикланадими? Песков тилга кирди
Олам
−
02 Июнь 2022
6632Россияда ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш масаласи кун тартибида эмас, бундай имконият муҳокама қилинмаяпти. Бу ҳақда бугун, 2 июнь куни Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
"Кремлнинг бу борадаги позицияси ҳеч қандай тарзда ўзгармади. Шунчаки, бу масала ҳозир кун тартибида эмас. Биз мазкур масалани муҳокама қилмаяпмиз", дейди у журналистларнинг тегишли саволига жавоб берар экан.
Песковнинг таъкидлашича, де-факто вазият ҳеч қанақасига ўзгармайди. Де-факто ва де-юре [бир хил] қолади.
Аввалроқ, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Россияда ўлим жазосини қайтариш бўйича энди чекловлар йўқлигини, лекин ҳамма нарса ҳозирги вазиятга боғлиқ бўлишини айтган эди.
Маълумот учун, Россия Федерациясида 1993 йилги амалдаги конституцияга биноан ўлим жазоси вақтинчалик бўлиб, фақат маълум бир ўтиш даври учун мўлжалланган ва 1997 йил 16 апрелдан бошлаб қўлланилиши мумкин эмас, яъни ўлим жазоси на қўлланилиши ва на ижро этилиши керак.
Уни қўллаш масаласига 2009 йилда Конституциявий суд томонидан конституция ва халқаро шартномалар асосида ниҳоят ойдинлик киритилди, бироқ ўлим жазоси тўғрисидаги норма конституция ва халқаро шартномаларга қараганда камроқ юридик кучга эга бўлган миллий қонунчиликда сақланиб қолди.