Россияда тожикистонлик эркак 4 боласини ўлдирди (видео)
Олам
−
28 Декабрь
9853Бугун, 28 декабрь куни Россиянинг Тверь вилоятидаги “Межурка” боғдорчилик уюшмасида жойлашган уйдан тўрт нафар боланинг зўравонлик аломатлари билан ўлдирилган жасадлари топилди. Ҳодисада бош гумондор сифатида болаларнинг отаси кўрилмоқда. Бу ҳақда вилоят бўйича Тергов қўмитасига таяниб, “Известия” хабар берди.
Фожиа сабабига ҳозирча аниқлик киритилмаган. Эркак воқеадан бир неча кун аввал ғалати ҳолатда бўлган.
“У бир нуқтага тикилиб узоқ ўтирарди, сўнг бирдан бизни тушунмаётганини айтарди. Биз бунга аҳамият бермадик”, дейди унинг укаси.
Укаси унинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмаган. Қўшнилари эса унда ҳеч қандай ўзгаришни сезмаган.
“Жуда сокин, фарзандларига ғамхўр ота эди. Уларда ҳаммаси яхши деб ўйлагандик”, дейди қўшнилар.
Ҳалок бўлганлар – 3, 5 ва 7 ёшли ўғил болалар ҳамда бир ёшли қиз. Оилада жами олти бола бўлган. Кечаси шовқин ва қичқириқлардан уйғонган аёл укаси билан бирга ўзини ўлдиришга уринаётган эрини тинчлантиришга муваффақ бўлган. Ҳозирда 37 ёшли эркак шифохонада. У сунъий нафас олиш аппаратига уланган.
“Қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкин эди. Оиланинг каттароқ ёшдаги фарзандлари ҳодиса пайтида бошқа қариндошлариникида меҳмон бўлган. Қотилнинг рафиқасига психологик ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади хабарда.
Тергов органлари ушбу ҳодиса бўйича Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми (Икки ва ундан ортиқ шахснинг ўлдирилиши) бўйича жиноят иши қўзғатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Калининград вилоятида уч кишини ўлдиришда айбланган икки ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилган эди. Улардан бирига 23 йил, иккинчисига эса 17 йил қамоқ жазоси тайинлаган ва жазони қатъий тартибли колонияда ўташи белгиланганди.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь