Россияда Telegram ва WhatsApp қўнғироқлари чекланди
Олам
−
14 Август 5206 2 дақиқа
Россияда Telegram ва WhatsApp’да қўнғироқларга қисман чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш федерал хизмати (Роскомнадзор) хабар берди.
Қайд этилишича, бу чоралар жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида кўрилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва фуқаролардан келиб тушган кўплаб мурожаатларга таяниб, бу икки мессенжер Россия фуқароларини алдаш, пул ундириб олиш, шунингдек, диверсия ва террорчилик фаолиятига жалб қилишда асосий овозли алоқа воситаларига айлангани қайд этилган.
Билдирилишича, мессенжер эгалари жиноятчиларга қарши чоралар кўриш талабларини бир неча бор олган, аммо уларни бажармаган. Шу боис асосан фақат овозли қўнғироқларга қисман чекловлар киритилади, бошқа функцияларига тегилмайди.
Роскомнадзорнинг эслатишича, 2024 йилдан бошлаб “Антифрод” тизими орқали Россия алоқа операторлари тармоқларида рақамни сохталаштириш орқали амалга ошириладиган қўнғироқлар блокланган. Натижада бундай қўнғироқлар асосан хавфсизликни таъминлашдан бош тортаётган мессенжерларга ўтган.
WhatsApp матбуот хизмати бу чекловга жавобан платформа махфий ва сукут бўйича end-to-end (маълумотни фақат юборувчи ва қабул қилувчи ўқий оладиган қилиб шифрлаш усули) шифрлаш билан ҳимояланганини, ҳукуматларнинг хавфсиз мулоқотни бузишга уринишларига қарши эканини билдирди. Уларнинг фикрича, шунинг учун Россия ҳукумати мамлакатдаги 100 миллиондан ортиқ фойдаланувчилар учун WhatsApp ни чеклашга уринмоқда.
Telegram матбуот хизмати ҳам жавоб бериб, платформада зарарли фаолиятга, жумладан, диверсия, зўравонлик ва фирибгарликка чақириқларга қарши фаол курашаётганини маълум қилди. Уларнинг айтишича, махсус сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган модераторлар очиқ бўлимларни кузатади ва фойдаланувчиларнинг шикоятлари асосида ҳар куни миллионлаб зарарли хабарларни ўчиради. Шунингдек, Telegram қўнғироқлар учун махфийлик созламаларини жорий қилган бўлиб, фойдаланувчилар кимдан қўнғироқ қабул қилишни ёки умуман уларни ўчиришни ўзлари белгилаши мумкин.
Downdetector хизматининг 11 август кунги маълумотларига кўра, ўша куни WhatsApp ва Telegram мессенжерларида кенг кўламли носозликлар кузатилган. Сайт фойдаланувчиларининг изоҳларида айтилишича, 10 августдан бошлаб Россия фойдаланувчиларидан келаётган шикоятлар кескин ошган, уларнинг аксарияти видеқўнғироқлар пайтида алоқа муаммоларига оид бўлган.
Россия Марказий банкининг 2025 йил февралида эълон қилинган йиллик сўров натижаларига кўра, фирибгарлик ҳолатларининг 45,6 фоизи мобил алоқа орқали, 15,7 фоизи эса мессенжерлар орқали содир этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непал ҳукумати мамлакатда жиноятлар кўпайгани сабабли Telegram мессенжерига киришни блоклашга қарор қилганди.