Россияда силовсин билан “гаплашмоқчи” бўлган ўзбекистонлик жазоланди (видео)

3-саҳифа

image

Россиянинг Челябинск шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ёввойи ҳайвонлар бошпанасида силовсинга яқинлашишга урингани ортидан жаримага тортилди. Бу ҳақда “Риамо” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 25 июль куни “Мени қутқаринг” ёввойи ҳайвонлар бошпанасида юз берган. Эркак қўриқланадиган ҳудудга кириб, Марусья лақабли силовсин билан алоқа қилишга ҳаракат қилган.

Вазиятдан хавотирга тушган бошпана ходимлари қўриқлаш хизматини чақирган ва 112 рақамига хабар берган. Воқеа жойига келган қўриқчиларга эркак ўзини “Интерпол пайвандчиси” деб таништирган.

Аниқланишича, 1982 йилда туғилган эркак бошпана ҳудудига танишини излаб келган. У воқеа вақтида маст ҳолатда бўлгани айтилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари унга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.1-моддаси (майда безорилик) бўйича иш расмийлаштирган. Эркакка 500 рубль (тахминан 76 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган. Шунингдек, унинг Россияда қонуний асосда бўлиб тургани аниқланган.

Бошпана раҳбари Карен Даллакян ҳодисадан сўнг Марусья лақабли силовсин кучли руҳий зўриқишни бошдан кечирганини айтган.

“Бу воқеадан кейин Марусья қаттиқ стресс ҳолатига тушди, бу жуда ачинарли”, деган у.

Бошпана маъмурияти ёввойи ҳайвонлар сақланадиган ҳудудларда хавфсизлик талабларига риоя қилиш муҳимлигини яна бир бор эслатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Telegram орқали террористик гуруҳ сафига қўшилишга даъват қилинган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган ўзбекистонликка нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг