Россияда портлашдан жабр кўрган андижонлик она ва болага ёрдам кўрсатилди

Жамият 5279
image
-

Россия Федерациясининг Пенза шаҳрида портлашдан жабр кўрган она ва болага ёрдам кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 28 февралида Россия Федерацияси Пенза шаҳрида андижонлик фуқаро М.Б. 3 ёшли фарзанди С.Н.ни қаровсиз қолмаслиги учун ишхонасига бирга олиб боради. Шу куни М.Б.нинг ишхонасида газ баллони портлаши оқибатида она-бола турли даражадаги куйиш жароҳатини олади ва шифохонага ётқизилади.

Қайд этилишича, фуқаронинг яқинлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Агентлик томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилиши натижасида:

иш берувчидан 150 минг рубль миқдорида компенсация ундириб берилган;

оилавий аҳволи инобатга олиниб, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан 15 миллион сўм моддий ёрдам пули ажратилган;

тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси билан биргаликда Пенза вилояти губернатори билан музокаралар олиб борилиб, 17 март куни махсус вертолёт ёрдамида Нижний Новгород шаҳридаги куйиш марказига кўчирилган;

фуқарога етказилган зарарни суғурта компанияси ва иш берувчидан ундириш мақсадида “Правовой советник” МЧЖдан адвокат ёлланиб, ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.

М.Б.нинг фарзанди саломатлиги барқарорлашгани сабабли 18 май куни Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда яқин қариндоши ҳамроҳлигида Ўзбекистонга қайтарилган.

Айни пайтда М.Б. ҳомийлар кўмагида Нижний Новгород шаҳридаги махсус шифохонада даволанмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 160
Рейтинг: 2.9
t
×