Россияда полиция ходимлари етишмаяпти
Олам
−
11 Август 2023
7001Россияда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ходимларнинг танқидий етишмаслиги кузатилмоқда. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев маълум қилди.
“Кадрлар тақчиллиги жуда катта. Айтишим керакки, бу аллақачон танқидий даражада. Охирги бир ой ичида беш минг нафар ходим ички ишлар органини тарк этди”, дейди вазир.
Айтиш жоизки, бу Колокольцевнинг кадрлар етишмаслигидан биринчи марта шикоят қилиши эмас. Ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам у ҳуқуқ-тартибот идораларида 90 минг ходим етишмаслигини айтган. Вазирнинг таъкидлашича, Москвада ўн йилдан сал кўпроқ вақт ичида Ички ишлар вазирлиги ходимлари сони икки баравар камайган.
Колокольцевга кўра, вазият ҳали жиноятчиликка таъсир қилмаяпти, лекин ҳамма нарсанинг ўзига яраша чегараси бор. Муаммони ҳал қилиш вариантларидан бири сифатида Колокольцев ходимларни, биринчи навбатда, ҳудудлардаги туман милиция ходимларини уй-жой билан таъминлашга чақирган. ИИВ раҳбарининг сўзларига кўра, ўшанда туман ИИБ ходимларининг 6 фоизини яшаш шароитини яхшилаш мумкин бўлади.
Давлат Думасининг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Эрнест Валеев Ички ишлар вазирлигида кадрлар етишмаслиги бошқарма эҳтиёжларини қондириш учун ажратилган маблағларнинг камлиги билан боғлиқлигини айтган. Маошни ошириш бўйича тизимли иш олиб бориш ва имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлаган.
LiveБарчаси