Россияда мигрантларнинг рақамли профили жорий этилади
Олам
−
26 Март
6525Жорий йилнинг 30 июнидан бошлаб Россия Федерациясида мигрантларнинг рақамли профилини жорий этиш бошланади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин 2024 йил учун ҳукумат фаолияти бўйича Давлат думаси олдидаги ҳисоботи чоғида сўз очди.
Қайд этилишича, у ягона идентификаторга эга бўлади ва келгусида қоғоз патентга муқобил ҳужжат бўлиши мумкин. Бироқ бу ўзгаришга олдиндан тайёргарлик кўриш зарур.
“Миграция сиёсати – ниҳоятда нозик масала, у кўп қиррали. Мамлакатда ноқонуний миграциянинг юқори даражада бўлиши умуман олганда, жамият барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид солади”, деди Михаил Мишустин.
Бош вазирнинг эслатишича, айни пайтда тахминан 640 минг мигрант мамлакатда ноқонуний равишда бўлиб турибди ва хорижликлар реэстрига киритилган. Бу Россияда мигрантларга нисбатан кўриб чиқилган ягона ташаббус эмас. Кеча, 25 март куни, ЛДПР фракциясидан бир гуруҳ депутатлар Давлат думасига мигрантлар учун мажбурий мақсадли патент беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритган. Бу шуни англатадики, патентда аниқ касб кўрсатилиши шарт бўлади. Ҳозирги кунда “касб” устунида бўш қолдириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 8 мингта кузатув камералари этник идентификацияни аниқлаш учун созланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Мансабдорлар камералар ёрдамида мигрантларни ва уларнинг зич яшаш жойларини кузатмоқчи эканини билдирган. Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш эса мансабдорларнинг этник идентификацияни камера тасвиридан аниқлаш ҳақидаги баёнотини “инсон қадр-қимматини таҳқирловчи” деб атаган.
LiveБарчаси