Россияда мигрантлар ётоқхонасига ўт қўйилди (видео)
Олам
−
23 Октябрь
14952Россиянинг Тверь вилоятида эркак мигрантлар истиқомат қиладиган ётоқхонага ўт қўйди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 20 октябрь куни содир бўлган. Эркак хонага бензин сепиб, уни ёқиб юборган. Ёнғиндан қочган фуқаролардан бири иккинчи қават деразасидан сакраб тушиб, жароҳат олган. Ёнғин оқибатида хона вайрон бўлган, ётоқхона йўлаги шикастланган.
Гумонланувчи қўлга олинган. Айни пайтда эса зарар миқдори аниқланмоқда.
Бошқарманинг аниқлик киритишича, судланувчи ҳозирда вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 167-моддаси (Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага асосан эркак беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Бошқарма томонидан чоп этилган видеода эркак ётоқхонага бензин сепиб, уни ёқиб юборганини кўриш мумкин. У буни пул учун ёлланиб қилганини айтган.
Видеода эркакнинг пластик бутилкадан суюқлик қуйиб, бинога ўт қўйгани яққол акс этган. Бинода яшаб келаётган мигрантлар вақтинча маҳаллий дам олиш марказига жойлаштирилган.
Охирги вақтларда Россияда мигрантлар билан боғлиқ кўплаб салбий воқеалар рўй бермоқда. Расмийлар томонидан мигрантларга қарши турли хил гаплар айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Свердловск вилоятидаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Игорь Мороков мактабларда таҳсил олаётган мигрант оилаларнинг фарзандларига ногирон сифатида қараш кераклигини айтганди. Мороков Россия мактабларида таҳсил олаётган, аммо рус тилини билмайдиган ўқувчиларнинг мавжудлиги билан боғлиқ муаммога шу тариқа “ечим” борлигини таъкидлаган. Омбудсман бу ўқувчилар сони кам бўлган синфларни ташкил этиш ва ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини беришини айтган.