Россияда мигрантлар ва мамлакат фуқароларининг маоши тенглаштирилиши таклиф қилинди

Олам

image

Россияда иш берувчиларга меҳнат муҳожирлари учун мамлакат фуқаролариникидан кам бўлмаган иш ҳақи белгилаш мажбуриятини юклаш таклиф қилинди. Бу бўйича “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси етакчиси Сергей Миронов мамлакат Бош вазири Михаил Мишустинга мурожаат қилди. Бу ҳақда ушбу мурожаат нусхасига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.

“Қонунчилик даражасида иш берувчиларни меҳнат муҳожирлари учун иш ҳақи миқдорини Россия Федерациясининг тегишли субъектига ўхшаш лавозимларда ишлаган Россия фуқаролари оладиган даражадан паст бўлмаган миқдорда белгилаш мажбуриятини юклаш таклиф қилинмоқда”, дейилади ҳужжатда.

Ушбу меъёр бузилган тақдирда Миронов кўп болали оилаларнинг ҳаётини яхшилаш учун ишлатиладиган жарималарни белгилашни таклиф қилган.

Бундан ташқари, сиёсатчи демографик вазиятни яхшилаш ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини яратиш фикрини илгари сурган. Мироновга кўра, бу фондни тўлдириш, бошқа нарсалар қатори, мигрантлар меҳнатидан фойдаланаётган иш берувчилар учун қўшимча солиқ ҳисобига ҳам амалга оширилиши мумкин.

Шундай қилиб, иш берувчи ҳар ой ўзи ёллаган меҳнат муҳожирлари даромадининг 2 фоизини ўтказишига тўғри келади.

Миронов қўшимча солиқ жорий этилиши билан “иқтисодиётнинг яширин секторини ривожлантириш хавфи” мавжудлигини таъкидлади, шу сабабли парламент аъзоси Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига муқобил вариантни кўриб чиқишни таклиф қилди: меҳнат муҳожирларининг бошқа давлатларга юборган пул ўтказмалари бўйича 1 фоизлик давлат комиссиясини жорий этиш мумкин.

“Меҳнат муҳожирлари бошқа давлатларга пул ўтказиш орқали Россия иқтисодий салоҳиятининг заифлашишига ҳисса қўшади”, дейди Миронов.

Миронов ушбу таклифларнинг амалга оширилиши демографик пасайиш муаммосини ҳам, меҳнат миграциясининг ўсишини ҳам ҳал қилишини таъкидлаган. Мироновнинг фикрича, миграция оқимининг ошиши ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников Тошкентда ўтказилган форумда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони етти йилда тўрт баравар ошганини маълум қилган эди. Кейинроқ Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Решетниковнинг гаплари асосга эга эмаслигини, рақамлар ошириб кўрсатилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия маош мигрантлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг