Россияда мигрантлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий қилинади

Олам 6662
image

Россияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган, аммо маълум бир сабабларга кўра, масалан, коронавирус касаллиги туфайли ўз-ўзини изоляция қилиб, мамлакатда қолишга мажбур бўлган муҳожирлар учун “Назоратда бўлиш” махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Бу ҳақда ТАСС сўровига жавобан Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот марказида маълум қилинди.

“Миграция соҳасидаги хавфсизлик ва қонунийликни таъминлаш механизми самарадорлигини оширишга қаратилган профилактика чораларидан бири сифатида қонунчиликка махсус ҳуқуқни муҳофаза қилиш режими – “Назорат бўлиш”ни киритиш режалаштирилган. Ушбу режим Россияда қолиш учун ҳеч қандай қонуний асосга эга бўлмаган, аммо у ёки бу сабаб билан мамлакат ҳудудида бўлиб турган муҳожирларга нисбатан қўлланади”, дейди агентлик суҳбатдоши.

Россия Ички ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, янги ҳуқуқий режим чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорларнинг бажарилиши тўхтатилган ёки суд ишларида иштирок этиш ҳамда тайинланган жазони бажариш зарурати туфайли Россиядан чиқиб кетиши чекланган чет элликларга нисбатан қўлланилади.

“Бундай режимни, шунингдек, Роспотребнадзор томонидан маълум санитария қоидаларига, шу жумладан ўзини ўзи изоляция қилиш тартибига риоя қилиш тўғрисида буйруқ берилган ижтимоий хавфли юқумли касалликларга чалинган чет элликларга нисбатан ҳам қўллаш чораси кўриб чиқилмоқда”, дейилади хабарда.

Россия ИИВ ушбу назорат остида бўлган чет элликларга нисбатан қонун билан бир нечта чекловлар қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. 

“Россия Федерациясининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига чет эл фуқароларининг назорат остида бўлиш режимини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш нуқтаи назаридан тегишли ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, коронавирус эпидемияси бошланган 2020 йил мартидан буён 1,6 миллионга яқин муҳожир Россияда бўлиб туриш муддати тугаганига қарамасдан, мамлакатни тарк этмаган. Кўрилган чоралар шу вақтгача қарийб 400 минг кишининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солишга имкон берган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Россия Ички ишлар вазирлиги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларидан Россияда ноқонуний юрган фуқароларини жорий йилнинг 15 июнигача олиб чиқиб кетишни талаб қилганди. 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Россияда Ўзбекистондан 332 мингдан зиёд, Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбайжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг, Қозоғистондан 49 минг ноқонуний муҳожир бор.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 2.9
t
×