Россияда мигрантлар учун имтиҳон нархлари белгиланади
Олам
−
04 Ноябрь
6407Россиянинг Фан ва олий таълим вазирлиги мигрантлар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларини билиш бўйича имтиҳон топширишнинг ягона нархини белгилашни таклиф қилди. Бу ҳақда тегишли қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, вазирлик томонидан қуйидаги ягона нархлар таклиф қилинган:
- фуқаролик олиш учун рус тили имтиҳони – 2950 рубль;
- фуқаролик олиш учун тарих ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон – 2950 рубль;
- вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномаси олиш учун рус тили, тарих ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон – 5900 рубль;
- ишлашга рухсатнома ёки патент олиш учун рус тили, тарих ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳон – 3800 рубль.
Ҳозирда бундай имтиҳонлар учун ягона қатъий нарх белгиланмаган. Айни вақтда имтиҳон ўтказадиган ташкилот бундай хизмат нархини ҳисоблаб чиқадиган формулани белгилайдиган ҳукумат қарори мавжуд. Имтиҳон ўтказувчи ташкилот ушбу хизматлар нархини ўзи белгилайди. Бу имтиҳон ўтказиш билан бевосита боғлиқ тўғридан тўғри харажатлар, билвосита харажатлар ва қўшимча қиймат солиғини ўз ичига олади.
Хизмат нархининг максимал миқдори ҳам белгиланган. У ҳозирда вазирлик томонидан доимий нарх сифатида белгилаш таклиф этилаётган миқдорлар билан деярли бир хил:
- вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномаси учун – 5900 рубль;
- иш рухсатномаси ёки патент учун – 3800 рубль.
Имтиҳонлар учун ягона нархнинг жорий этилиши Давлат думасининг жорий йилнинг 29 октябрь куни иккинчи ва учинчи ўқишда “Россия Федерациясида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар қабул қилгани билан боғлиқ. Мазкур ўзгаришларга кўра, имтиҳонларни фақат давлат муассасалари қабул қилиши ва ўтказиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Российская газета” нашри рус тилини билмаган мигрантлар Россиядан чиқариб юборилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. ЛДП депутати Жамаладин Гасановга кўра эса тил сертификати Россияда ишчи кучи сифатида қонуний бўлиш учун керак. Сўнгги пайтларда меҳнат мигрантларига сертификат бериш мақсадида рус тили, Россия тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилик асослари бўйича имтиҳонларни сохта қабул қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Унинг фикрича, мигрантларни чиқариб юбориш эмас, айнан сертификат берувчи институтлар устидан назоратни кучайтириш керак.
LiveБарчаси