Россиядан рус тилини билмаган мигрантлар чиқариб юборилиши мумкин
Олам
−
23 Июль
6997Россиядан рус тилини билмаган мигрантлар чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳақда “Российская газета” хабар берди.
Қайд этилишича, Леонид Слуцкий бошчилигидаги Россия Либерал-демократик партияси (ЛДП) вакиллари Давлат думасига тегишли қонун лойиҳасини киритган. Унга кўра, агар мигрантнинг ватанига кетиши учун маблағи бўлмаса, у ўз мамлакатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ҳисобидан депортация қилинади.
“Бизга фақат талаб юқори бўлган, тилимиз ва мамлакатимиз тарихини ўрганишга ҳаракат қилган мутахассислар келиши лозим. Россияга алдов йўли билан келиб, жиноятчилик билан шуғулланаётган ва ўзига ҳужжатлар сотиб олганлар бюджетимизга зарар етказмасдан зудлик билан депортация қилинсин”, дейди Слуцкий.
ЛДПдан сайланган депутат Владимир Сипягин мазкур қонун лойиҳасига ўз фикрини билдирди.
“Мигрантларнинг фарзандлари тил билмай мактабга қандай боришини кўряпмиз, чунки уларнинг ота-оналари Россияга алдов йўли билан кириб, ярим қонуний фаолият олиб бормоқда ёки мамлакатда қолиш учун ҳужжат сотиб олган. Уларни, албатта, депортация қилиш керак. Ушбу миграциянинг кулранг каналини, шу жумладан, қонунчилик йўли билан ҳам беркитиш керак”, дейди депутат.
ЛДП депутати Жамаладин Гасановга кўра эса тил сертификати Россияда ишчи кучи сифатида қонуний бўлиш учун керак. Сўнгги пайтларда меҳнат мигрантларига сертификат бериш мақсадида рус тили, Россия тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилик асослари бўйича имтиҳонларни сохта қабул қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Унинг фикрича, мигрантларни чиқариб юбориш эмас, айнан сертификат берувчи институтлар устидан назоратни кучайтириш керак.