Россияда мигрант болалар учун мактабларни пулли қилиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди

Олам

image

Россия Давлат думасига турли фракцияларнинг вакиллари томонидан мигрантлар учун мактаб таълимини пулли қилиш ва рус тилини билиш бўйича бепул тест топшириш имкониятлари сонини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Лойиҳага илова қилинган хатда таъкидланишича, 2025 йилда Россия мактабларида мигрантларнинг фарзандлари сони ошгани сабабли 900 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни (ўқувчилар учун жой) етишмаяпти. Муаллифларнинг фикрича, мигрант болаларнинг рус тилини етарли билмаслиги “россиялик болаларнинг ўқиш жараёнини секинлаштиради”. Бундан ташқари таълим муассасаларига қабул қилишда ўтказиладиган рус тилидан тест давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжатда айтилишича, қонун лойиҳасини қабул қилиш бюджет маблағларини тежашга, уларни ўқитувчиларга қўшимча тўловлар каби мақсадларга йўналтиришга, барча иштирокчилар учун қулайроқ таълим муҳитини яратишга ҳамда чет элларда рус тилини ўрганишга қизиқишни оширишга хизмат қилади.

Қайд этиш жоиз, ушбу ташаббусга парламентдаги айрим депутатлар кескин қарши чиқмоқда. Таълим бўйича қўмита аъзоси Анатолий Вассерман “Подъём” нашрига берган интервьюсида бу ғоя мигрант болаларни ҳуқуқий майдондан чиқариб, уларни жамият назоратидан ташқарида қолдириши мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, бундай шароитда назоратдан ташқарида қолган одам ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлиши мумкин. Бундан ташқари, у буни рус цивилизацияси моҳиятига зид деб атаган, чунки тарихан Россия турли халқларни ягона маданият ва қоидаларга ўргатишга интилган. 

Мазкур қонун лойиҳаси илгари ҳам муҳокама қилинган, аммо биринчи ўқишда рад этилиб, қайта ишлашга юборилган эди. 

Давлат думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов 2024 йилнинг сентябрь ойида Россия фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болалари учун боғча ва мактабларда бепул таълим олишни бекор қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. Қонун лойиҳасида “Россия Федерацияси таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш киритиш таклиф қилинганди. Унга кўра, чет эллик болалар учун мактабгача, бошланғич умумий, асосий умумий ва ўрта умумий таълим пулли асосда амалга оширилади. Ҳозир уларнинг барчаси бепул асосда таълим олмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Таълим вазирлигининг Давлат умумий таълим сиёсати ва мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича департаменти раҳбари Александр Реут чет эллик меҳнат мигрантларининг болалари учун мактаб таълимини пулли қилиш таклифига қарши чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрантлар Анатолий Вассерман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг