Россияда МДҲ доирасида виза режимини ўзгартириш бўйича режалар йўқ – ТИВ
Олам
−
20 Август
2389Ҳозирда Россияда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида виза режимини ўзгартириш режаси йўқ. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари биринчи департаменти директори Микаэл Агасандянга таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
У нашрга берган интервьюсида бу борада ҳозирча Россия иштирокидаги музокаралар бўлмаётганини айтди.
Агасандянга кўра, Туркманистондан ташқари МДҲда визасиз режим мавжуд. Бу давлатлар ўртасидаги келишувлар билан тартибга солинади. Айни пайтда мамлакат ҳудудига кириш тартибини қийинлаштириш ёки юмшатиш бўйича музокаралар давом этмаяпти.
У, шунингдек, ушбу масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари доимий равишда такомиллаштирилаётганини қўшимча қилди. Бу янги таҳдидларга самарали жавоб бериш учун амалга оширилади. Мисол тариқасида, у сохта ҳужжатлар ёрдамида чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринишлар сони ортиб бораётгани сабабли барча меҳнат мигрантлари учун бармоқ изини қайд этиш мажбурий жорий этилганини келтирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россияда мамлакат сиёсатига қарши давлат фуқаролари учун виза режими жорий этилаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси