Россияда марказий осиёлик 80 нафар фуқаро армияга жўнатилди

Олам

image

Москва Тергов қўмитаси Россия фуқаролигига эга бўлган муҳожирларга ҳарбий хизматдан бўйин товлагани учун 22 та жиноий иш қўзғатди. Мамлакат Қуролли кучларига асли Марказий Осиёдан бўлган 80 дан ортиқ маҳаллий аҳоли жўнатилди. Бу ҳақда қўмитанинг Telegram-каналида хабар берилди.

“Ички ишлар органлари ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаётган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатларини ўрганмоқда. Уларнинг Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилинишининг қонунийлиги текширилмоқда”, дейилади хабарда.

Тергов қўмитасининг эслатишича, ҳарбий хизматдан бўйин товлаш Россия фуқаролигини олган шахсларнинг фуқароликдан чиқарилиши учун асосдир.

Тергов маълумотларига кўра, Россия фуқаролигини олган айбланувчилар хизматдан озод қилиш ёки кечиктириш учун асосга эга бўлмай туриб, чақирилганда пойтахт ҳарбий комиссарликларига келмаган.

Жорий йил бошида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин чет элликлар оммавий равишда Россия фуқаролигини олаётгани ҳамда улар ҳарбий хизматни четлаб ўтаётганидан шикоят қилиб, Россия Федерациясининг “янги” фуқароларини Украинадаги урушда қатнашиш учун юбориш тарафдори эканини айтган.

“Охирги беш йил ичида Марказий Осиё ва Кавказ давлатларидан келган миллиондан ортиқ киши, шу жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 550 минг нафар собиқ аҳолиси Россия фуқаролигини олди”, дейди Бастрикин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакат Қуролли кучлари Бош штаби қўшимча сафарбарлик эълон қилишни режалаштирмаётгани, “махсус ҳарбий операция”ни ўтказиш учун етарли ҳарбий хизматчилар мавжудлигини билдирганди.

Қайд этиш керакки, Россия ҳукумати армия сафини Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Улар кўпинча зўравонликка асосланган рейдлар орқали тўпланади. Ҳарбий комиссияларга олиб борилган муҳожирлар таҳдид ва калтаклардан сўнг Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ҳарбий хизмат Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг