Россияда марказий осиёлик 2 киши ўлдирилди. Улар теракт тайёрлашда гумон қилинган

Олам

image

Россияда марказий осиёлик икки киши ўлдирилди. Улар Нижний Новгород вилоятидаги нефть-кимё корхонасига қарши террорчилик ҳаракатини тайёрлаганликда гумон қилинган. Дастлабки ҳибсга олишга уринишда улар қаршилик кўрсатган ва отишмада отиб ташланган. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) хабар берди.

“Нижний Новгород вилоятида Украинадаги махсус хизматлар томонидан режалаштирилган диверсия-террорчилик ҳаракатининг олди олинди. Бу ҳаракатда халқаро террорчилик ташкилоти ғояларига эргашувчи, Россия ҳудудида тақиқланган гуруҳ тарафдори бўлган икки нафар Марказий Осиё фуқароси иштирок этган”, дейилади хабарда.

ФХХга кўра, улар украиналик куратор кўрсатмасига биноан, яширин жойдан портловчи қурилмалар ўрнатилган дронларни олиб чиқиб, уларни минтақанинг нефть-кимё саноати корхоналаридан бирига қарши ишлатмоқчи бўлган. Ҳибсга олиш пайтида улар қуролли қаршилик кўрсатган ва ўлдирилган. Ҳодиса жойидан хорижда ишлаб чиқарилган портловчи модда билан жиҳозланган икки дрон, Калашников автомати ва Макаров пистолети мусодара қилинган.

“Гумонланувчиларнинг телефонларида куратор билан ёзишмалар, шунингдек, портловчи моддалар ва ўқотар қуроллар сақланган яширин жой координаталари аниқланган”, дейилади расмий хабарда.

Уларнинг Марказий Осиёнинг қайси республикасидан экани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия пойтахти Москва метросини портлатиб, шаҳардаги яҳудийлар ибодатхонасида терактлар уюштиришни режалаштирган шахс Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари томонидан тўхтатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия теракт Нижний Новгород

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг