Россияда Қуръонни ёқиб юборган шахс қамалди
Олам
−
27 Февраль
11050Россиянинг Грозний шаҳар суди Волгоградлик Никита Журавелни Қуръонни ёқиб юборганликда айблаб, умумий режим колониясида 3,5 йилга ҳукм қилди. Бу ҳақда бугун мамлакатнинг ТАСС ахборот агентлиги хабар қилди.
Судланувчи ўз айбини қисман тан олган ва жазони ҳақли деб атаган. Бироқ унинг яқинлари суд қарори устидан шикоят қилмоқчи.
Тергов маълумотларига кўра, Журавель 2023 йил 4 май куни Волгограддаги собор масжиди ёнида Қуръонни ёқиб юборган. Буни у Украина Қуролли кучларининг Ахборот ва психологик операциялар маркази назорати остидаги веб-сайтда улашган. 20 май куни эса Тергов қўмитаси Журавелнинг ҳибсга олинганини эълон қилган.
Россия Адлия вазири Константин Чуйченко 21 май куни Журавелни жазо муддатини асосан мусулмонлар яшайдиган минтақага ўташ учун юборишни тўғри деб билишини айтган.
Қуръоннинг ёқиб юборилиши Чеченистонда катта норозиликка сабаб бўлди. Грознийда кўп минг кишилик митинг бўлиб ўтди ва республика раҳбари Рамзан Қодиров Журавелнинг содир этган қилмишини даҳшатли иш деб атади. Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг қарори билан Журавелга қарши жиноий иш Чеченистондаги терговчиларга ўтказилди. Грозний масжидларининг жами 13 нафар имом-хатиби ишда жабрланувчи сифатида тан олинган.
2023 йил август ойида Чеченистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Мансур Солтаев Журавель унга калтакланганидан шикоят қилгани ҳақида хабар берган. Айбланувчининг сўзларига кўра, уни Рамзан Қодировнинг ўша пайтда 15 ёшда бўлган ўғли Адам калтаклаган.
Ҳукм эълон қилинганидан сўнг, Журавелнинг ўзи мусулмонлардан кечирим сўраган ва мусулмонларни қанчалик хафа қилганини тушуниш учун Қуръон ўқиётганини айтган.
LiveБарчаси