Россияда қизини ваҳшийларча ўлдирган ўзбекистонлик аёлга ҳукм ўқилди

Олам

image

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург суди янги туғилган қизини пакетга солиб, дарёга оқизиб юборган Ўзбекистон фуқаросини 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Санкт-Петербургнинг Колпино туман суди Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 106-моддаси (Янги туғилган чақалоқни она томонидан ўлдириш)да назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган Н.Ҳ.га нисбатан ҳукм эълон қилинди”, дейилади хабарда.

Суднинг аниқлашича, 2021 йил 20 сентябрь куни Н.Ҳ. Колпино шаҳрида жойлашган Изҳора дарёси қирғоғидаги Володар майдонида қизини дунёга келтирган. Қиз соғлом туғилган, унда ҳеч қандай нуқсонлар аниқланмаган. Аёл ҳеч қаерга тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилмаган. Аксинча, янги туғилган чақалоғини полиетилен пакетга солиб, тугун билан боғлаб, боланинг кислород таъминотини узиб, дарёга улоқтирган. Аёл пакет дарёнинг саёз жойига тушиб қолганини кўриб, сувга тушган ва бола солинган пакетни дарёнинг ўртароғига улоқтирган, шундан сўнг жиноят жойини тарк этган. Икки кундан сўнг чақалоқнинг жасади топилган, бир ҳафта ўтиб эса қотилликда гумон қилиниб, Н.Ҳ. қўлга олинган.

“Аёл ўз айбини тан олмади, фақат ёнидаги қайчи ёрдамида боланинг киндик қисмини кесиб ташлаганини тасдиқлади. Н.Ҳ.нинг сўзларига кўра, у оғриқдан ҳушидан кетган ва уйда уйғонган. Хонадоши чақалоқнинг отасига бола туғилгани ҳақида хабар берган. Қандай қилиб бола дарёга тушиб қолганини тушунтира олмади, қилмишидан тавба қилди”, дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, аёлнинг марҳум қизидан ташқари яна икки нафар фарзанди бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия

Баҳолаганлар

868

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг