Россияда қамоққа олинган 8 озарбайжонликларнинг ҳибсда қолиш муддати узайтирилди
Олам
−
16 Июль 3635 2 дақиқа
Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги Верх-Исетский туман суди жиноий гуруҳ иши бўйича ўтган ой ҳибсга олинган саккиз нафар Озарбайжон фуқаросининг ҳибсда қолиш муддатини 19 октябргача узайтирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида, матбуот иштирокисиз, лекин Озарбайжоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги вакиллари иштирокида ўтган.
Туман судининг маълум қилишича, Камол, Акиф, Аяз, Мазоҳир ва Бакир Сафаровлар ҳамда Аҳлиман Ганжиевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси 3 ойга узайтирилган. Шаҳин Лалаев ва Азиз Аббосовга нисбатан материаллар ҳам бироз кечроқ кўриб чиқилди ва уларнинг ҳибсда қолиш муддати ҳам 19 октябргача узайтирилди.
Гап Россия ва Озарбайжон орасидаги муносабатлар ёмонлашишига олиб келган ҳибсга олишлар ҳақида кетмоқда. Июнь ойининг охирида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган йиллардаги қотиллик иши доирасида асли озарбайжонлик бўлган кўплаб кишилар қўлга олинди. Рейд давомида икки киши – ака-ука Сафаровлар вафот этди. Екатеринбург суди эса иш доирасида 8 нафар айбланувчини, хусусан, Мазоҳир, Аяз, Акиф, Бакир ва Камол Сафаровлар, Аҳлиман Ганжиев, Шаҳин Лалаев ва Азиз Аббосовни 19 июлгача ҳибсга олган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “г” банди – аввал айрим аъзолари қўлга олинган уюшган гуруҳ томонидан содир этилган қотиллик бўйича айблов қўйилган.
Вилоят судлари бирлашган матбуот хизмати хабарига кўра, 19 июлга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бўйича иш бўйича саккиз нафар судланувчидан етти нафарининг ҳимояси апелляция қилинган. Вилоят суди Аяз Сафаровни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирган, Акиф Сафаровнинг шикоятини эса биринчи инстанция судига қайтарган ва “процессуал масалалар” туфайли уни кўришдан қайтариб олган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Екатеринбургдаги ҳибслар муносабати билан Россиянинг мамлакатдаги вақтинчалик ишлар вакили Пётр Волоковни чақиртирганди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова россиялик дипломатнинг Озарбайжон ТИВга чақирувини изоҳлар экан, у зарур тушунтиришлар берганини ва вазият ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчилар “асли озарбайжонлик бўлган Россия фуқаролари”.
Эслатиб ўтамиз, 27-июн куни эрталаб ФСБ, Тергов қўмитаси ва Росгвардия ходимлари Екатеринбургдаги озарбайжонликларнинг уйларида рейдлар ўтказган эди. Операцияда 10 дан ортиқ киши қўлга олинди. Ҳибсга олинганлар Росгвардия штаб-квартирасига олиб кетилгани ва у ерда қийноққа солинганм айтилади. Оқибатда икки нафар Озарбайжон фуқароси Зиёвуддин Сафаров ва Ҳусайн Сафаров ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган.
Live
Барчаси