Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент учун тиббий кўрик Ўзбекистонда ўтказилади
Жамият
−
11 Октябрь 2021
4666Аввалроқ, Россия 10 минг ўзбекистонликни мамлакатдаги қурилишларда ишлаш учун жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълум қилишича, қурилиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўн минг нафар фуқарони Россия Федерациясига ташкилий тарзда ишга жўнатиш лойиҳаси доирасида фуқароларни мамлакат ҳудудида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш учун тиббий асбоб-ускуналар билан Россиянинг 40 нафар тиббиёт ходимлари Ўзбекистонга етиб келди.
Ушбу лойиҳа доирасида номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилмоқда.
Эндиликда, Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишда талаб этиладиган тиббий кўрик РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкентда ўрнатилган тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширалади.
Таъкидланишича, ушбу тадбирлар Россияда ишлаш истагида бўлган кўплаб ўзбекистонликлар учун қўшимча имкониятлар яратиб, фуқароларнинг вақти ва харажатлари қисқаришига хизмат қилади.