Россияда ичида ўзбекистонликлар бўлган машина ЙТҲга учради. Қурбонлар бор
Олам
−
10 Ноябрь
9699Бугун, 10 ноябрь куни Россиянинг Пенза вилоятида ичида ўзбекистонликлар ҳам бўлган машина йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ЙТҲ бугун соат 4:00 да Пенза вилоятидаги М-5 Урал федерал автомагистралининг 738-километрида содир бўлган. Бунинг оқибатида уч киши воқеа жойида ҳалок бўлиб, икки киши тиббиёт муассасасига жойлаштирилган. Ҳалок бўлганларнинг бир нафари Ўзбекистон фуқароси, қолган икки нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда.
Турли тан жароҳатлари билан Кузнецк туманлараро шифохонасига жойлаштирилган икки киши ҳам Ўзбекистон фуқароси экани айтилган.
Пенза вилояти давлат транспорт инспекцияси берган хабарга кўра, ЙТҲ КАМАЗ юк машинаси ва Cobalt автомобили иштирокида содир бўлган. 1996 йилда туғилган Cobalt ҳайдовчиси ҳамда 1980 ҳамда 1965 йилда туғилган икки йўловчи эркак воқеа жойида ҳалок бўлган. 1995 йилда туғилган аёл йўловчи ва яна бир эркак йўловчи шифохонага ётқизилган.
Билдирилишича, ҳолат Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси назоратига олинган бўлиб, тегишли мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллий масъул ваколатли органлар билан ҳалок бўлганларни ватанга қайтариш, шунингдек жабрланганлар тиббий муолажа кўрсатилишини Бош консулхона ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари ўз назоратига олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Тюмень вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 55 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Юк машинасининг 24 ёшли ҳайдовчиси жароҳатланганди.
LiveБарчаси