Давлат думаси ўзбек мигрантларини ҳимоя қилмоқчи
Олам
−
12:12
8916Россия Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов Москвада ўлдирилиши ва қотилликни Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов ўз бўйнига олиши ортидан Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга босимлар ортиши ҳақида хавотирлар пайдо бўлмоқда. Шундай шароитда Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси россияликларни мигрантофобиядан сақланишга чақирди. Бу ҳақда Қўмита раиси Леонид Калашников “Daily Storm” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Депутатнинг фикрича, Россиядаги бундай тартибсизликлар “фақат Украина ва популистлар”га фойда келтиради. Калашников генерални ўлдиришга буйруқ берганларнинг иккита мақсади борлигини айтди – нафақат Россия Қуролли кучлари генералини ўлдириш, балки мамлакатда мигрантларга қарши тартибсизликлар келтириб чиқариш.
“Шунинг учун ҳамма нарсада ўзбекларни айблаш керак эмас. Агар рус бирор жойда бирор иш қилган бўлса, бу бизнинг мамлакатимизда ҳамма нарса ёмон деганими? Албатта йўқ, бу жуда ибтидоий қараш. Давлатлар ўртасидаги муносабатларни оддийгина бир ўзбекка боғлашдан фойда йўқ. Бизнинг вазифамиз бу ерга ишлаш учун келган барча муҳожирлар кўчада сарсон бўлмаслиги ва назоратсиз қолмаслигига ишонч ҳосил қилишдир”, дейди Калашников.
МДҲ ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин эса нашр билан суҳбатда Россияда келаётган муҳожирларга фобия тўлқини фақат Украинага фойда келтиришини айтди.
Шунингдек, у Россияда амалдаги ўлим жазосига бир томонлама мораторийни бекор қилишни талаб қилди.
“Мен Конституциямизда болалар боғчалари, мактаблар, олий ўқув юртларида, шунингдек, ҳарбий амалиётлар чоғида ватанни ҳимоя қилаётган ҳарбийларимизга нисбатан терактлар уюштирган шахсларга судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиши шарти билан ўлим жазосини жорий этишни кўп маротаба таклиф қилганман. Генерал Кириллов Мудофаа вазирлигимиз раҳбарларидан бири сифатида ўз бурчини бажарди. Унинг қотиллари кимнинг фуқароси бўлишидан қатъи назар, ўлим жазосини олишлари керак”, дейди депутат.
Затулиннинг фикрича, Крокусдаги теракт ва генерал Кирилловнинг ўлими Украина қасддан Марказий Осиёдан келган МДҲ давлатлари фуқароларини жиноятчи сифатида ишлатаётганини кўрсатади.
“Шундай экан, терактнинг иккинчи даражали мақсади муҳожирларга қарши тўлқин ва Россия ва Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқалар ўртасида можаро қўзғатишдир. Терактда Ўзбекистонни ва у билан муносабатларни айблашга уриниш, моҳиятан, Ўзбекистон Республикасини содир этилган жиноятга шерикликда айблашдир. Ҳақиқатан ҳам Президент Мирзиёевни генерал Кириллов қотилларига ёрдам берганликда кимдир гумон қиладими? Бундай далил йўқ. Лекин ўзбек ёки тожикдан қасос олишга даъват қилаётганлар билиб ёки билмай бировнинг буйруғини бажараётгани ҳақида мутлақо очиқ далиллар бор”, деди депутат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳридаги портлашда мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлганди. Кирилловнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланди. Шунингдек, ТАСС Россия хавфсизлик кучлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига Игорь Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган шахс ҳақида маълумот олиш учун мурожаат қилгани ҳақида хабар берди. Унга кўра, Ўзбекистон томони тегишли сўровни олгач, Игорь Кирилловни ўлдиришда гумон қилиниб, Россияда қўлга олинган фуқаро ҳақидаги маълумотларни дарҳол Москвага юборган. Манбага кўра, Кирилловни ўлдирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов исмли шахс бўлиб, ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси