Россияда “Ғарбий Нил” иситмаси аниқланди
Олам
−
21 Июль
21737Россиянинг Ростов вилоятида асосий ташувчилари чивин бўлган “Ғарбий Нил” иситмаси билан касалланган икки ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вирус иситма билан касалланиш хавфи юқори бўлган ҳудудларнинг текширилган 13,9 фоиз аҳолисида аниқланган.
“Эпидемия жараёнининг бошланиши жорий йил июнь ойининг учинчи ўн кунлигида қайд этилди. Эпидемия ҳолати юқори атроф-муҳит ҳарорати билан боғлиқ бўлиб, бу чивинларнинг сув тошқини ва дарё дельталарида, сув омборларида ва бошқа нам экотизимларда яшайдиган ёки ташриф буюрадиган аҳолига фаол ҳужумини таъминлайди. Инфекция чивинлар кўпайиш жойи бўлган ертўлалари сув босган уйларда ҳам пайдо бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, иситма билан касалланиш ёз-куз мавсумидан кейин содир бўлади.
Агентлик, шунингдек, вилоятдаги сув ҳавзаларида дезинфекция ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Аҳоли иситма белгилари (юқори ҳарорат, титроқ, иштаҳанинг йўқолиши, мушакларнинг оғриғи, камдан-кам ҳолларда менингоэнцефалит белгилари) чивин чақиши билан икки-саккиз кундан кейин пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. “Ғарбий Нил” иситмасига чалинганларда камдан-кам ҳолларда мия ёки бошқа органларнинг яллиғланиши ривожланади.
Маълумот учун, “Ғарбий Нил” иситмаси (ёки Ғарбий Нил вируси) биринчи марта 1937 йилда угандалик аёлнинг қонида топилган. Кейинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, вирус Африканинг аксарият мамлакатларида кенг тарқалган. Касалликнинг авж олиши Европа мамлакатларида ҳам қайд этилган: Руминия, Чехия, Франция, Италия, Испания, Греция. 2018 йилда Европада 2083 та инфекция ҳолати қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Антарктидада юзлаб денгиз филлари ва бошқа ҳайвонлар қуш гриппидан нобуд бўлгани ҳақида хабар берилганди.