Россияда депортация қилинган мигрантларни қайтариш таклиф қилинди

3-саҳифа

image

Россияда қурилиш соҳасида ишлаган ва миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган чет эл фуқаролари мамлакатга ишлаш мақсадида қайтишлари учун амнистия қилиниши керак. Бу ҳақда “Interfax” нашри Россия Федерацияси қурувчилар миллий ассоциацияси президенти Антон Глушковнинг таклифига таянган ҳолда хабар берди.

“Менимча, ҳозир Россия Федерацияси ҳудудидан депортация қилинган хорижий ишчи кучига амнистия механизмларини ишлаб чиқиш вақти келди. Чунки хорижий ишчи кучи зарур”, дейди Глушков.

Унга кўра, иммиграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган мигрантлар сони жуда кўп. Қайд этилишича, Тожикистон мисолида ярим миллионга яқин шундай мигрантлар бор.

“2022 йилда Россияда 6,5 миллионга яқин қурувчи ишлаган, 2030 йилга бориб эса қурилиш индустриясини ривожлантириш мақсадлари ҳисобга олинса, уларнинг сони 8 миллионга етиши керак. Бундай ҳолда Россия қурилиш таълим муассасалари битирувчиларининг атиги 40 фоизи ўз касбида ишлаш учун қолмоқда”, дейди Глушков.

Унинг қўшимча қилишича, мигрантлар содир этган қоидабузарликлар турли характерга эга бўлсада, уларнинг аксарияти маъмурий иш юритиш, масалан, жарималарни тўламаслик ёки Россия ҳудудида бўлиш режимини бузиш билан боғлиқ.

“Бизга оддий ишчилар эмас, малакали ишчилар керак. Шу боис, биз цивилизациялашган миграция бозоридан ҳам манфаатдор бўлган Ўзбекистон томони билан шартнома туздик ва Ўзбекистон ҳудудида 30 та йўналишда ўқув марказларини ташкил этдик. У ерда хоҳловчилар ишчи мутахассисликлар бўйича ўқитилади, малакасини (маҳаллий тилда) рус стандартларига мувофиқ тасдиқлайди”, дейди у.

Россия қурувчилар миллий ассоциацияси маълумотларига кўра, мамлакатдаги қурилиш объектларида чет эл фуқароларига бўлган умумий эҳтиёж 11 545 кишини ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант депортация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг