Россияда бир уйдан 3 нафар ўзбекистонликнинг жасади чиқди
Олам
−
18 Апрель 2023
20205Жорий йилнинг 15 апрель куни Россиянинг Томск вилоятидаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлиши оқибатида уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Vtomske.ru” хабар берди.
Қайд этилишича, Асино шаҳридаги ёғоч уйлардан бирида ёнғин юз берган. Ёнғинни ўчириш вақтида ўт ўчирувчилар уч кишининг жасадини топган. Ҳалок бўлганлар 2002, 1989, 1975 йилда туғилган ўзбекистонлик эркаклар экани аниқланган. Шундан сўнг, мамлакат Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатган.
Кеча, 17 апрель куни “Стройдоммонтаж-М” масъулияти чекланган жамиятининг 43 ёшли ходими жиноят содир этганликда гумонланиб, қўлга олинган.
Тергов қўмитасининг маълум қилишича, ушбу тижорат ташкилоти ёлланма ишчилар, жумладан, меҳнат муҳожирларини жалб қилган ҳолда иш олиб боради ҳамда қурилиш ва таъмирлаш хизматларини кўрсатади.
“Фуқаро 2023 йилда “Стройдоммонтаж-М” МЧЖда иш билан банд бўлган Ўзбекистондан келган бир гуруҳ меҳнат мигрантларига кўрсатилган турар-жой биносини яшаш учун берган. Бироқ у уй-жой эгаси бўлган ҳолда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминламаган. Россия Федерациясидаги ёнғин қоидаларини бузишга йўл қўйган, оқибатда эҳтиётсизлик туфайли уч киши ҳалок бўлди”, дейилади Тергов қўмитаси хабарида.
Қўлга олинган шахсга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 219-моддаси 3-қисми (эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши очилган.
LiveБарчаси