Россияда амалдорларга Telegram'даги ёзишмаларни ўчириш буюрилди
Олам
−
26 Август
4351Россияда давлат амалдори ва барча расмийларга Telegram ижтимоий тармоғидаги расмий ёзишмаларни ўчириш бўйича кўрсатма берилди. Бу ҳақда "Baza" хабар берди.
Канал манбаларига кўра, бундай буйруқ қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, Президент маъмурияти ва Россия ҳукумати ходимларига келган. Бундан ташқари, бундай кўрсатма Россия Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали қўмондонлари, шунингдек, айрим йирик тадбиркорларга ҳам берилган.
Шу билан бирга, интервью берган расмийларнинг айримлари ёзишмаларни ўчириш бўйича кўрсатма олмаганини айтди. Бироқ, улар ўзларининг раҳбарларидан бундай кўрсатмаларни 26-27 август кунлари олиши мумкинлигини билдирди.
Маълумот учун, бундай қарор қабул қилинишига Францияда Telegram асосчиси, асли россиялик Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши сабаб бўлмоқда. Павел Дуровга терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, телеграмдаги педофилияга асосланган контент сингари бир қатор айбловлар қўйилган. Бу айбловлар билан Дуров Францияда 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматидан Павел Дуров иши бўйича тушунтириш беришни талаб қилган, шунингдек, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, консулликка бу борада тегишли ҳуқуқ беришни ҳам сўраганди.
LiveБарчаси