Россияда 72 ёшли аёл ижтимоий тармоқдаги постлари ортидан 5,5 йилга қамалди
Олам
−
30 Январь
14179Россиянинг Ростов вилоятидаги Шахти шаҳар суди 72 ёшли пенсионер Евгения Майбородани Россия армияси ҳақида “сохта хабарлар” тарқатганликда айбдор, деб топди ва беш ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда “Тармоқ эркинликлари” инсон ҳуқуқлари лойиҳаси хабар берди.
Майборода армия ҳақида сиёсий нафрат (Россия Жиноят кодексининг 207.3-моддаси 2-қисми “э” банди) ва экстремистик фаолиятга чақириш (280-модда 2-қисми) асосида “сохта хабарлар” тарқатишда айбдор деб топилган. Давлат айбловчиси 72 ёшли аёлни олти йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича пенсионерга нисбатан иш “VKontakte” тармоғида эълон қилинган иккита пости сабаб очилган. Постлардан бирида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони ҳақидаги маълумотлар, иккинчиси "таъсирчан видео" бўлган.
“Асосан Майборода ўз саҳифасида тинчлик тилаклари ва православ байрамлари билан табриклар ёзилган расмларни чоп этган”, деб ёзади “Медиазона”.
Нашрнинг тан олишича, нафақахўрнинг саҳифасидаги айрим постлар ўчириб ташланган.
Маълумотларга кўра, 2022 йил охиридан бери Евгения Майборода танқидий постлар учун армияни “обрўсизлантириш” моддаси бўйича икки марта (Россия Федерацияси Маъмурий Кодекснинг 20.3.3-моддаси 1-қисми) 40 минг рубль миқдорида жаримага тортилган.
2023 йил март ойида пенсионер икки марта нацист белгиларни намойиш қилиш (Маъмурий Кодекснинг 20.3-моддаси 1-қисми) ва экстремистик материалларни тарқатиш (Маъмурий Кодекснинг 20.29-моддаси) бўйича махсус ҳибсхонага юборилган. Апрель ойида Майборода “Росфинмониторинг” томонидан юритиладиган "экстремистлар ва террорчилар рўйхати"га киритилган.
LiveБарчаси