Россияда ҳибсга олинган француз велоспортчиси озод этилди
Спорт
−
24 Октябрь 2129 2 дақиқа
Аввалроқ, франциялик велосипедчи сайёҳ Софиан Сехили ноқонуний давлат чегарасини кесиб ўтганликда айбланиб, Россиянинг Владивосток шаҳрида ҳибсга олингани тўғрисида хабар берилган эди. Энди эса, спортчи озод қилинди. Бу ҳақда унинг адвокати Алла Кушнирга таяниб, “РИА Новости” агентлиги хабар берди.
Кеча, 23 октябрь куни Пограничный туман суди Сехилини Россия давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топди. Бироқ, суд тергов ҳибсхонасида ўтказган вақтини инобатга олиб, унга белгиланган 50 минг рубль миқдоридаги жаримани ундирмасликка қарор қилди. Шундан сўнг у суд залида озод этилди.
Софиан Сеҳили суд қароридан мамнунлигини билдирган. Адвокат маълумотига кўра, спортчи бугун, 24 октябрь куни Владивостокдан Пхукетга парвоз қилган ва у ердан Францияга йўл олади. Европага тўғридан тўғри рейслар йўқлиги сабабли, у учинчи давлат орқали қайтишга мажбур бўлган.
Маълумот учун, француз велоспортчиси сентябрь ойи бошида Россия ҳудудини ноқонуний кесиб ўтганликда гумонланиб, Приморьеда қўлга олинган эди. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 322-моддаси 1-қисми бўйича иш қўзғатилган. Софиан Сеҳили Евроосиё бўйлаб велосипедда саёҳат қилиш бўйича жаҳон рекордини янгилаш мақсадида йўлга чиққан. Жорий йилнинг 1 июль куни у Португалиянинг Кабо-да-Рока бурнидан (Евросиёнинг энг ғарбий нуқтаси) старт олган ва икки ой ичида 16 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтишни режалаштирган. Унинг йўналишига Туркия, Эрон, Қозоғистон, Мўғулистон ва Хитой каби 17 мамлакат кирган. Саёҳатнинг якуний нуқтаси сифатида Владивосток танланган эди.
Live
Барчаси