Россия зарурат пайдо бўлса, Европа билан урушга тайёр – Путин

Олам

image

Россия Европа билан урушмоқчи эмас, бироқ агар Европа уруш бошласа, Москва бунга ҳозирнинг ўзида тайёр. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 2 декабрь куни журналистлар билан учрашувда сўз очди.

Унинг айтишича, бундай вазият тез орада юзага келиши ҳам мумкин.

Унинг таъкидлашича, Европа АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Украина масаласини тинч йўл билан ҳал этилишига эришишига тўсқинлик қилмоқда. Брюссель Россия учун қабул қилиб бўлмайдиган таклифларни илгари сураётганини айтган Путин, Европанинг ўзи музокаралардан четга чиқиб кетганини ҳам қўшимча қилган. 

“Европада Россияга стратегик мағлубият етказиш ғоясини қурол қилиб олишди ва ҳануз шу иллюзиялар билан яшашмоқда. Уларнинг Украина борасида тинчлик кун тартиби йўқ. Улар уруш томонида”, деган Кремль раҳбари. 

У Европа “фронтда шаклланаётган реал вазиятдан келиб чиқиб” ҳаракат қилса, музокараларга қайтиши мумкинлигини истисно этмаган. 

“Россия Европа мамлакатлари билан жанг қилишни режалаштирмаяпти, аммо агар Европа уруш бошласа, Россия ҳозироқ тайёр”, дея урғулаган Путин. 

Европа позицияси 

Маълумки, Европа давлатлари Россияни “унча хушламайди”, ҳатто катта саҳналарда Россия билан урушга киришиш имконияти инкор этилмаган. Масалан, Сербия Президенти Александр Вучич ноябрь ойида Европа ва Россия ўртасидаги тўқнашув эҳтимоли тобора яққол кўринаётгани, бунга “ҳамма тайёрланаётгани”ни айтган.

Франция Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал Фабьен Мандон октябрь ойида француз ҳарбийларини Россия билан бўлиши мумкин бўлган қарама-қаршиликка тайёрланишга чақирган. Унга кўра, можаро “уч-тўрт йил” ичида бошланиши мумкин. Кейинроқ генерал Мандон НАТО давлатлари жанговар ҳаракатларга ҳозирликни кучайтириши лозимлигини яна такрорлаган.

Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто эса Европа аллақачон Россия билан урушга тайёрланаётгани, Европа Иттифоқининг стратегик ҳужжатларида 2029 йилга келиб тўлиқ ҳарбий тайёргарлик кўзда тутилгани, бу эса эҳтимолий урушнинг 2030 йилда бошланиши мумкинлигини билдирган.

Кремль эса Россия ҳар доим Европа билан можаро хавфини тушунганини ва манфаатлари ҳамда хавфсизлигини таъминлаш учун олдиндан чоралар кўрганини айтади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Россия билан мумкин бўлган урушга тайёргарлик кўриш мақсадида мудофаасини кучайтираётгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Польша мудофаа бюджетини сўнгги икки йил ичида 2022 йилга нисбатан уч бараварга оширган. Мамлакат ракета ва артиллерия тизимлари каби қурол-аслаҳа харидларини ҳам кўпайтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг