Россия Запорожье ва Николаевга зарба берди
Олам
−
11 Ноябрь
3266Бугун, 11 ноябрга ўтар кечаси Россия кучлари Украинанинг қатор ҳудудларига, хусусан, Запорожье ва Николаевга ҳаво зарбалари берди. Бу ҳақда Украина маъмурияти расмийлари маълум қилди.
Запорожье вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Иван Федоровнинг сўзларига кўра, Россиянинг Запорожьега тунги ҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна 21 киши жароҳатланган. Федоровнинг таъкидлашича, кун давомида Россия қўшинлари Запорожье вилоятининг аҳоли пунктларига 356 та зарба берган.
“Тураржой бинолари ва инфратузилманинг вайрон бўлганлиги ҳақида 44 та хабар келиб тушган”, дейди Запорожье ҳарбий маъмурияти раҳбари.
Аввалроқ Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Запорожье вилоятининг марказига камида учта авиазарба берилгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия Федерацияси томонидан Запорожьега бошқариладиган ҳаво бомбалари учирилганини эълон қилди.
“Ҳужумлар оқибатида портлаш тўлқини икки қаватли тураржой биносини қисман вайрон қилган, ётоқхона ва автосалон биносига зарар етказган”, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 9 киши жабрланган. Улар орасида 4 ва 17 ёшли икки ўғил бола ҳам бор.
Николаев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким ҳам тунги ҳужумлар қурбонлари ҳақида маълум қилди. Бугун, 11 ноябрь куни эрталаб у Telegram’да Россия Қуролли кучларининг Shahed 131/134 дронлари ёрдамида Николаев шаҳрида уюштирган тунги ҳужумлари оқибатида беш киши ҳалок бўлгани ва 45 ёшли аёл яралангани ҳақида ёзди. У шифохонага ётқизилган.
Яна 22 киши воқеа жойида психологик ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Украинанинг “Unian” нашри Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучларига таяниб, 11 ноябрь эрта тонгда Россия Федерацияси Украинага ҳужумларини давом эттирганини таъкидлади. Кузатув каналлари маълумотларига кўра, Россиянинг саккизта Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолётлари учириш позицияларига йўл олган. Кузатувчилар тақлид ракета учирилишини ҳам истисно этмайди.
LiveБарчаси