Россия йил охиригача ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши мумкин – “Bloomberg” 

Олам

image

Украинага қарши урушда аскарлар етишмовчилиги кучайиб бораётгани сабабли Россия 2024 йилнинг охиригача ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Кремль ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин уч нафар манбасига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Қайд этилишича, Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиёти Россия армиясида мудофаа кучлари захираларининг йўқлигини кўрсатган. Ҳозирда Россия Қуролли кучлари сафлари шартнома асосидаги аскарлар ҳисобидан тўлдирилмоқда, лекин бу етарлича бўлмаяпти.

“Украинанинг Россия ғарбидаги Курск вилоятига бостириб кириши, унчалик катта қаршиликка дуч келмади. Украина кучлари ҳозирда Россия ҳудудининг 1000 квадрат километрини (386 квадрат миля) назорат қилмоқда ва ҳужум операциялари ҳали ҳам давом этмоқда”, дейилади хабарда.

Владимир Путин 2022 йил сентябрида 300 минг қўшинни сафарбар қилиш тўғрисида буйруқ берган, бу эса россияликлар орасида уруш хавотирининг кучайишига ва бир миллионга яқин одамнинг оммавий чиқиб кетишига сабаб бўлган. Таъкидланишича, бундай тажрибани такрорламасликка уриниб, Кремль ватанпарварликка чақириш ва ҳар ой сафларни тўлдириш учун зарур бўлган 30 минг янги аскарни таъминлаш учун пул таклиф қилишга эътибор қаратган.

Манбага кўра, Россия ҳукумати ходимларни ёллаш кескин пасайгани сабабли моддий рағбатлантиришни ҳаддан ташқари оширмоқда. Масалан, жорий йилнинг июль ойида Москва мэри Сергей Собянин ҳарбий шартномалар имзолаган кўнгиллиларга ойлик маош ва мукофотлардан ташқари шаҳар ҳукумати томонидан ҳар ой бўлиб тўланадиган 600 минг рублдан ташқари 1,9 миллион рубль (22 минг доллар) тўлашга ваъда берган. 

Умуман олганда, мэрнинг сўзларига кўра, агар улар омон қолсалар, ёлланганлар биринчи йилда 5,2 миллион рубль, 2023 йилги пойтахтдаги ўртача йиллик маошдан қарийб уч баробар кўп маош олишлари кутилган эди.

Путиннинг она шаҳри ва Россиянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Санкт-Петербург ҳам тезда унга эргашиб, янги ёлланганларга 1,6 миллион рубль таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин урушга борадиганларга бир марталик тўловни икки баравар оширгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ҳарбий сафарбарлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг