Россия Европага нефть етказиб беришни тўхтатди

Олам

image

2022 йил охирида жорий этилган эмбарго режимига қарамай Европа мамлакатларига ҳали ҳам давом этаётган Россия нефти оқимлари кеча, 19 декабрь куни тўхтатилди. Бу ҳақда “Moscow Times” хабар берди.

Қайд этилишича, “Транснефть” олдиндан огоҳлантирмаган ҳолда Россия конларидан Венгрия, Словакия ва Чехиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига уланишни таъминловчи “Дружба” қувури орқали нефть узатишни тўхтатган.

1960 йилларда Шарқий Европа социалистик давлатларини хомашё билан таъминлаш учун қурилган ушбу қувурда техник муаммолар юзага келгани маълум қилинган. Саноатдаги учта манбага кўра, “Транснефт” тизимидаги носозлик Марказий Россиядаги энг йирик насос станцияларидан бири – Унечада содир бўлган. Бу ҳолат нафақат Европа Иттифоқига, балки Беларусга ҳам нефть етказиб беришга таъсир кўрсатган.

Германиягача етиб борувчи “Дружба” қувури сўнгги ойларда ҳар куни тахминан 300 минг баррель Urals нефтини етказиб турган. Бу қувур Венгрия ва Словакияда жойлашган MOL компаниясининг нефтни қайта ишлаш заводлари учун асосий хомашё манбаи бўлиб, ушбу давлатлар Россияга қарши Европа Иттифоқининг нефть эмбаргосидан озод қилинган.

Бундан ташқари, “Дружба” орқали Германия Қозоғистон нефтини ҳам қабул қилади. Ўтган йили бу етказиб бериш ҳажми 1 миллион тоннани ташкил этган бўлса, жорий йилда у 1,3–1,35 миллион тоннагача ошиши режалаштирилган.

“Reuters” манбаларидан бирининг сўзларига кўра, қувурдаги носозликларни бартараф этиш ишлари декабрь охиригача давом этиши мумкин. Бошқа бир манба эса муаммони ҳал қилиш бир неча ойга чўзилиши мумкинлигини айтмоқда.

Маълумот учун, Россия учун бир вақтлар энг йирик бозор ҳисобланган Европага денгиз йўллари орқали нефть етказиб бериш тўхтатилганидан сўнг, фақат икки давлат – Словакия ва Венгрия Россиядан нефть импорт қилишни давом эттирмоқда. CREA (Энергетика ва тоза ҳаво тадқиқот маркази) маълумотларига кўра, Словакия ноябрь ойида “Дружба” орқали 132 миллион евролик, Венгрия эса 108 миллион евролик нефть сотиб олган. Ушбу мамлакатлар Россия газини ҳам импорт қилишни давом эттирмоқда – Словакия ноябрда 129 миллион евролик, Венгрия эса 141 миллион евролик газ сотиб олган.

CREA ҳисоб-китобларига кўра, Европа Иттифоқи ўтган ой Россия энергия ресурсларига жами 1,1 миллиард евро сарфлаган. Бундан ташқари, Австрия Россиянинг қувур газини (ойига 187 миллион евро) импорт қилишни давом эттирган, Франция ва Испания эса Россиядан суюлтирилган табиий газ сотиб олган – мос равишда 252 ва 176 миллион евро.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилда Россия 2022 йил баҳоридан бери биринчи марта Европа Иттифоқининг етакчи газ етказиб берувчиси бўлгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа нефть

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг