Россия Европадаги қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этмоқда – Каллас
Олам
−
30 Декабрь 2024
4645Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас сўнгги ойларда Европада саботаж қилишга уринишлар алоҳида ҳолатлар эмас, балки ЕИ инфратузилмасини беқарорлаштириш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тизимининг бир қисми экани ҳамда бу воқеаларга Россиянинг алоқаси борлигини айтди. Бу ҳақда бугун, 30 декабрь куни унинг “Welt” нашрига берган интервьюси чоп этилди.
Унинг таъкидлашича, Россия Украинага кенг миқёсли бостириб киришни бошлаганидан бери Европада қўпорувчилик ҳаракатлари сони ортган. Каллас ўз сўзининг исботи сифатида Болтиқ денгизидаги Estlink 2 сувости кабелига етказилган зарарни мисол қилиб келтирди.
Шу фонда Каллас Россия кемаларига нисбатан қаттиқроқ чоралар қўлланишини эълон қилди. Каллас Россиянинг “соя флоти”нинг қоидаларни бузган ҳолда ишлайдиган кемалари ҳам атроф-муҳитнинг ифлосланиши учун жавобгар эканини эслатиб ўтди.
Шу билан бир қаторда, у АҚШда ҳокимият сайланган президент Дональд Трамп жамоасига ўтгандан сўнг, Вашингтон Россияга нисбатан “ишончли ва қаттиққўллик билан” ҳаракат қилиши ва Россиянинг Украинага бостириб киришида Киевни қўллаб-қувватлаши керак деб ҳисоблайди.
“Украинага ёрдам бериш – бу ҳаммамизнинг хавфсизлигимиз учун қилинган сармоядир, агар Қўшма Штатлар Россияга қатъий қарши турса, бу Хитой билан боғлиқ муаммоларни олдини олади, Украинани қўллаб-қувватлаш америкаликларни келажакдаги можаролардан ҳимоя қилади”, деган Кая Каллас.
Каллас интервьюда Ақтауда йўловчи самолёти ҳалокатга учраганини ҳам тилга олган. Фожиа сабаблари ҳақидаги версиялар орасида самолёт Грознийга қўнишга уринаётганда Россия ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ҳақидаги баёнотлар тобора кўпайиб бормоқда. Калласнинг сўзларига кўра, буни исботловчи далиллар ҳам ортиб бормоқда.
“Охир-оқибат, воқеа учун жавобгарлик ҳар қандай ҳолатда ҳам Россия расмийлари зиммасига тушади. Москва бу фалокат юзага келиши учун шароит яратиб берган”, дейди Каллас.
Суҳбат чоғида европалик бош дипломат Россиянинг музлатиб қўйилган активларидан келадиган даромаддан Украинани урушда қўллаб-қувватлаш ва мамлакатни тиклаш учун келгусида фойдаланиш масаласини ҳам кўтарган.
“Россия етказган зарарни тўлаши керак. Киевнинг товон тўлаш талаби қонунийдир. Музлатилган активларнинг бир қисми ёки барчаси Украинани мустаҳкамлаш учун қандай ишлатилишини муҳокама қилишимиз керак”, дейди Каллас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи давлатлари Украинага “тинчликпарвар кучлар” юбориш масаласини муҳокама қилмаётганини айтганди.
LiveБарчаси