Россия ядро ракетаси бўлинмасининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказади
Олам
−
18 Октябрь
5415Россия Москванинг шимоли-ғарбида жойлашган ҳудудда Ярс қитъалараро баллистик ракеталари билан жиҳозланган бўлинманинг жанговар тайёргарлигини текширмоқда. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, синовда Тверь вилоятидаги бўлинма Ярс ракеталарини 100 км масофага яширин ҳолда ҳаракатлантириш, уларни ҳаво ҳужумлари ва душман саботаж гуруҳларидан ҳимоя қилиш бўйича машқ қилади.
Маълумотларга кўра, Ярс ракетаси силосларда жойлаштирилиши ёки мобил ташувчиларга ўрнатилиши мумкин. У 11 000 километргача масофани босиб ўтишга қодир бўлиб, кўп ядроли жанговар каллакларни етказиб бериш имкониятига эга.
Россия июль ойида Ярс ракеталари бўлинмалари билан икки маротаба машқлар ўтказган. Шунингдек, бу йил қисқа масофага эга бўлган ва қитъалараро стратегик ракеталарга қараганда паст кучланишга эга бўлган тактик ядро ракеталарини учиришга тайёргарликни синаш учун учта машғулот ҳам ўтказилган.
Хавфсизлик бўйича таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу Ғарбни Украинадаги урушга янада чуқурроқ аралашишдан қайтариш учун қилинган огоҳлантириш сигналлари.
Қайд этиш жоиз, сўнгги машғулот НАТО ўзининг бир йиллик ядро машқларини ўтказаётган ва Украина Президенти Владимир Зеленский “ғалаба режасини” эълон қилган ҳафтада бўлиб ўтмоқда. Ўтган ой Россия Президенти Владимир Путин Москвани ядро қуролларини қўллашга ундаши мумкин бўлган вазиятлар рўйхатини кенгайтирганини маълум қилган эди. Шундан сўнг, Украина Москвани ядро шантажи қилишда айблаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТОнинг альянсга аъзо мамлакатларни ҳимоя қилиш бўйича икки ҳафталик манёврлари бошлангани ва улар давомида эса ядро қуролидан фойдаланиш амалиёти ўтказилиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси