Россия вазирининг шов-шувли ўлими ортида нима яширинган? 

Таҳлил

image

Россиянинг собиқ транспорт вазири Роман Старовойт ишдан олингани ҳақидаги эълондан сўнг бир неча соат ўтиб ўлик ҳолда топилган. Ҳозирда унинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси маълум қилди.

Терговчиларнинг асосий версияси – бу ўз жонига қасд қилиш. Илк хабарларга кўра, у Подмосковеда, Мякинино маҳаласидаги уйида жонига қасд қилган. Кейинроқ Тергов қўмитаси аниқлик киритиб, унинг жасади Одинцово туманидаги Tesla автомобилида топилганини маълум қилди. Аммо “Baza” Telegram-каналига кўра, у автомобилдан бир неча метр узоқдаги буталар орасидан топилган.

Собиқ вазирнинг жасадини унинг шахсий қўриқчилари соат 15:00 атрофида топишган. Унинг ўлимини Давлат думаси мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов RTVI билан суҳбатда тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, ўлим “анча олдин” содир бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, Россиянинг собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг ўлим санаси ҳозирча аниқ эмас. “Baza”га кўра, у ўз жонига қасд қилишни 6 июль куни кечаси амалга оширган бўлиши мумкин. “Forbes” манбаси ҳам айнан шу санани қайд этган. “Baza”нинг ёзишича, ўлимига бир неча соат қолганида Старовойт “қизининг мусобақасига борган”, у ерда тахминан бир соатдан камроқ бўлиб, кейин уйига жўнаб кетган.

Шу билан бирга, Россия Транспорт вазирлиги 6 июль куни Старовойт Усть-Луга порт шаҳрида аммиак чиқиндиси билан боғлиқ фавқулодда ҳолат бўйича йиғилиш ўтказганини маълум қилган. 

“Mash” Telegram-каналига кўра, у 7 июль куни эрталаб вазирликда ишда бўлган, йиғилиш ўтказган, ҳамма билан хайрлашган ва уйига кетган.

“Старовойт охирги хабарини ўз шахсий қўриқчиларига юборган – у қаерда ва қайси вақтда уни олиб кетишларини билдирган”, деб ёзади “Mash”.

Ушбу версияга кўра, айнан қўриқчилар унинг жасадини топишган. Кейинроқ “Mash” хабар беришича, сиёсатчи 11:00 атрофида ўзини ўлдирган, ва унинг жасадини Полина К. исмли қиз дўсти таниб олган.

Марҳумнинг жасади ёнида 2023 йили ИИВ раҳбарияти томонидан совға қилинган отиш қуроли топилган. Ушбу қурол “вазиятларни ҳал этишда кўрсатган ёрдами” учун берилиши қайд этилган.

“Бу буйруқни Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев имзолаган, қуролни эса Курск вилояти ИИВ бошқармаси раҳбари Виктор Косарев топширган”, деб ёзади “Mash”.

Видолашув оғуши

“Baza” манбасига кўра, Старовойт охирги марта оила аъзолари билан 5 июль куни мулоқот қилган.

“У қизининг мусобақасига тушкун ҳолда келган, тахминан бир соатдан камроқ вақт бўлиб, уни оғушига олиб, жимгина кетган. Ундан сўнг у ҳеч ким билан боғланмаган”, дейилади манбада.

Унинг Tesla Model X автомобили автотураргоҳда топилган. Ҳозирда машинани текшириш ишлари олиб борилмоқда.

“Автомобиль 2018 йилда ишлаб чиқарилган. Унинг учун Старовойт Курск вилоятидаги илк электрозаряд қурилмаларидан бирини Қизил майдонда ўрнатган”, деб ёзади “Mash”.

Эҳтимолий сабаб

Старовойт ўз жонига қасд қилишидан аввал Россия Президенти Владимир Путиннинг фармони билан ишдан бўшатилган эди. У 2024 йил май ойида Транспорт вазири этиб тайинланган ва бир йилдан ортиқ ишлаган.

Истеъфо ҳақидаги фармон ҳуқуқий маълумотлар порталида эълон қилинган бўлиб, унда аниқ сабаб кўрсатилмаган. Сиёсатшунос Борис Межуевнинг тахмин қилишича, Курск вилоятидаги муаммолар – хусусан, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар унинг ишдан олинишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Кремль эса унинг ишдан олиниши ишончни йўқотишга боғлиқ эмаслигини маълум қилган.

Старовойт 2019-2024 йилларда Курск вилояти губернатори бўлган. Ундан кейин вилоят раҳбарлигини Алексей Смирнов вақтинча бажарган. У 2025 йил апрель ойида Украина билан чегарада қурилган мудофаа иншоотлари учун ажратилган 1 миллиард рублдан ортиқ бюджет маблағини талон-тарож қилишда айбланган. Ҳозирда Смирнов ва унинг ўринбосари Алексей Дедов ҳибсда.

SHOT Telegram-канали маълум қилишича, айнан Смирнов Старовойтга қарши кўрсатма берган ва ўз амалиётини унинг кўрсатмасига асосан амалга оширганини айтган.

“Старовойт 159-модданинг 4-қисми (фирибгарлик) ва 160-модданинг 4-қисми (тасарруф этиш) бўйича жиноий иш очилган тақдирда 20 йилгача қамалиши мумкин эди”, дейилади хабарда.

“Mash” маълумотига кўра, Старовойтнинг 19 миллиард рублни мустаҳкамланиш ишлари учун сарф қилиш ҳақидаги рухсатномаси шубҳа уйғотган.

“Унинг имзоси Курск вилоятидаги оператив штаб қарорларида кўринади. У ерда бош пудратчи – вилоят ривожлантириш корпорациясига 19 миллиард рублни мустақил равишда сарф қилиш ва субпудратчиларни танлаш ҳуқуқи берилган”, дейилади хабарда.

Ушбу корпорация Дурнево қишлоғида Старовойт учун резиденция қурган. У губернаторлик пайтида ўша ерда яшаган. “Baza” маълумотларига кўра, корпорациянинг собиқ раҳбари Владимир Лукин ва депутат Максим Васильев ушбу иш бўйича кўрсатма берган ва ҳозирда улар ҳам тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Роман Старовойт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг