Россия ва Ўзбекистон Суриядан болаларни олиб келиш тажрибасини муҳокама қилди
Олам
−
04 Февраль 2020
5103Россия болалар омбудсмени Анна Кузнецова Ўзбекистон бош консули Меҳриддин Ҳайриддинов билан учрашув ўтказди. Томонлар Сурия ва Ироқдан болалаларни репатриация қилиш, болаларни Ватанга қайтариш бўйича самарали тажрибаларини ўртоқлашиш масалаларида суҳбатлашган. Бу ҳақда омбудсмен Facebook’даги саҳифасида хабар қолдирди.
“Бугун Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси бош консули Меҳриддин Ҳайриддинов билан учрашув ўтказилди. Сурия ва Ироқ ҳудудидаги лагерларидан болаларни репатрация процедурасини ташкил қилиш борасида юзага келадиган муаммолар муҳокама қилинди”, деб ёзди Кузнецова.
Томонлар юзага келган қийинчиликларни муҳокама қилди, тажриба ва маълумот алмашиш, қайтиб келган болаларни реабилитация қилиш амалиёти тўғрисида келишиб олганлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан махсус топшириқ орқали илк бор 2019 йилнинг 30 май куни “Меҳр” операцияси амалга оширилиб, Яқин Шарқнинг қуролли тўқнашувлар ҳудудидан 156 нафар аёллар ва болалар қайтарилди. Йил охирида, 2019 йилнинг 10 октярбрь куни “Меҳр-2” операцияси амалга оширилиб, Ироқдан яна 64 нафар болалар қайтарилди.