Россия ва Ўзбекистон миграцияси масаласини биргаликда ҳал қилади – Путин
Олам
−
19 Июнь
6966Россия ва Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича яқин ҳамкорликда ишлашга келишиб олган. Бу ҳақда кеча, 18 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин ТАСС дунёнинг етакчи ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди.
“Биз ижтимоий характердаги масалалар ва меҳнат бозори ҳолатидан хабардормиз. Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович билан бу масалаларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олдик. Чунки меҳнат бозори бизда қандай ҳолатда экани маълум. Сизларда (Ўзбекистонда) эса маълум босим мавжуд. Лекин нима қилиш кераклигини биргаликда белгиладик – Россияда ишлашни хоҳловчи инсонларни аввалдан тайёрлаш”, деди Путин.
Унинг таъкидлашича, бу борада, айниқса, ёшларга эътибор қаратиш муҳим. Шунинг учун бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Қайд этиш жоиз, олдинроқ Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой Санкт-Петербургда ўтказилган IX Меҳнат форумида Россияда 2024 йил якунига кўра 6,3 миллион нафар чет эллик фуқаролар яшаётганини, улардан 1,4 миллион нафари ўзбекистонликлар эканини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Виталий Яковлев Туркманистон пойтахти Ашхободда ўтказилган “Тинчлик, барқарор ривожланиш ва миграция” мавзусидаги халқаро конференцияда Россияда мигрантлар орасида энг кўп жиноятларни ўзбекистонликлар содир этаётганини айтган эди. Унинг айтишича, жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 35,5 фоизи Ўзбекистон фуқароларига тўғри келади.