Россия ва Украина яна асирлар алмашди (видео)

Олам

image

Кеча, 24 август куни Россия ва Украина навбатдаги асирлар алмашинувини ўтказди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди. 

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, алмашинув “146 га 146” формати асосида амалга оширилган. Зеленский ҳамда Украинадаги Ҳарбий асирлар ишлари бўйича координацион штаб ҳам бу маълумотни тасдиқлаган. 

Россия томонининг қўшимча қилишича, алмашинув доирасида Курск вилоятининг саккиз нафар фуқароси қайтарилган. Улар “Киев режими томонидан ноқонуний ушлаб турилган” деб айтилмоқда.

Украина томонининг маълум қилишича, озод қилинган украиналикларнинг аксарияти оддий аскар ва сержантлар бўлиб, уч йилдан ортиқ асирликда бўлган. 

Шунингдек, 2022 ва 2023 йилларда ҳибсга олинган журналистлар – Дмитрий Хилюк ва Марк Калиуш ҳамда Россия билан ҳамкорликдан бош тортган собиқ Херсон мэри Владимир Миколаенко ҳам озод этилган. 

Ҳар икки томон Бирлашган Араб Амирликларининг воситачиликдаги ролини алоҳида қайд этган. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия уруши бошланганидан буён 5857 нафар украиналик Россия асирлигидан қайтарилган, улардан 555 нафари алмашинувсиз озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 август куни ҳам Украина ва Россия асирлар алмашинувини ўтказганди. Президент Зеленскийга кўра, Украинага 84 киши ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари қайтган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам 84 нафар россиялик ҳарбий асир қайтарилганини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг